10:39 / 04.04.2016
2027

Эбола балоси барҳам топдими?

Эбола вирусининг халқаро ҳамжамиятга кенг миқёсда тарқалиш хавфи пасайган. Ғарбий Африка мамлакатларида тарқалган Эбола касаллиги, эндиликда халқаро соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазият деб баҳоланмайди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Эбола бўйича қўмитаси баёнот берган.

“Бу юқумли касалликнинг турли давлатларга тарқалиш хавфи кам ва кутилмаган ҳолатлар вужудга келгудек бўлса, ташкилотга аъзо давлатлар зудлик билан чоралар кўра олади”, – дейилади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эълон қилган ҳисоботда.

Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леоне ҳукуматлари вируснинг қамрови аввалги миқёсда эмаслигини маълум қилгач, шундай хулосага келинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Эбола вирусининг Ғарбий Африка давлатларида кенг тарқалиши 11 минг 300дан ортиқ кишининг ўлимига олиб келди. Эбола умумий ҳисобда Ғарбий Африкада 28 минг 600 кишига юқди. Таҳлилчиларнинг фикрича, касалликни юқтирган ва қурбонлар сони бундан-да кўп бўлиши мумкин. Чунки, расмий статистикага фақат шифокорларга мурожаат қилганларгина киритилмоқда.

Қурбонларнинг аксарияти уч давлат – Гвинея, Сьерра-Леоне ва Либерия ҳиссасига тўғри келди. Бунинг оқибатида 22 минг нафар болалар етим қолишди.

Экспертларнинг фикрича, эндиликда Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леонега сайёҳат қилиш ва савдо-сотиқда чекловлар жорий қилиниши мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлашмоқда. Қўмита тавсиясига биноан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Маргарет Чень Эболага жорий этилган фавқулодда чораларни бекор қилди. Шу билан бирга, мутахассислар эпидемиядан азият чеккан мамлакатларга кўмак беришда давом этмоқда.

Эбола (инглизча. Ebola Haemorrhagic Fever, EHF, лотинча Ebola febris haemorrhagica) — хавфли вирус бўлиб, унга чалинганларнинг 90 фоизи вафот этиши мумкин. Тарихда илк бор бу вирус 1976 йилда Судан вилоятлари ва Зоир (ҳозирги Конго Демократик Республикаси) ҳудудларида қайд қилинган эди. Ўшанда Суданда 284 киши бу касаликка чалинган бўлса, уларнинг 151 нафари вафот этган эди. Зоирда эса касалликка чалинган 318 кишининг 280 нафари ҳаётдан кўз юмди. Касаллик илк бор Эбола дарёси соҳилларида қайд қилингани боис Эбола номи билан аталади.

Эпидемия йиллар ўтиб такрорланиши айтилади. Энг катта йўқотишлар 2003 йилдан бошланган. Ўша йили Конгода Эболадан 128 киши халок бўлган эди. 2014 йили бошланган эпидемия эса қамрови жиҳатидан энг даҳшатли бўлгани тан олинади. Бу гал касаллик нафақат учта мамлакатни, балки Африканинг бошқа худудларини ҳам қамраб олди. Бунинг оқибатида Нигерия, Сенегал, Мали давлатларида ҳам касаллик кенг тарқала бошлади. Эбола бошқа қитъаларга, жумладан АҚШ, Испания, Буюк Британия, Германия, Канада каби мамлакатларда қайд қилинганидан сўнг жаҳон мамлакатлари оёққа турди. Бу мамлакатларнинг ҳаммасида Африкага бориб келганлар эболага чалингани маълум бўлди.

Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, Эбола эпидемияси пайдо бўлган жойидан бошқа ҳудудларга тарқалмаслиги аниқ. Чунки касалликнинг сақланиб қолиши географик шароитларга боғлиқдир. Яъни табиати, иқлими, маҳаллий ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси туфайли Эбола бошқа ҳудудларга тарқалиши мумкин эмас. Олимлар Эбола юз йиллар давомида Ғарбий Африкада бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади, аммо бошқа минтақаларга тарқалишининг имконияти деярли йўқлигини айтишади. Ҳар қандай эпидемиянинг тарқалиши учун қўзғатувчилар керак бўлади. Эбола учун қўзғатувчи сифатида қалин ўрмонларда банан ва экзотик меваларни истеъмол қилиб кун кечирувчи ҳашоратлар кўрилади. Европа ёки Америкага эбола етиб бориши мумкин, аммо кенг тарқалмайди. Чунки бунинг учун бу минтақаларда бундай шароит йўқ.

Шуни эслатиб ўтиш керакки, илк бор эбола билан боғлиқ ҳодиса 2014 йилнинг февраль ойида Гвинеяда қайд қилинган ва кейинчалик вирус қўшни Сьерра-Леоне ва Либерияга тарқалган эди. 2014 йилнинг 8 август куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Эболани глобал таҳдид дея эълон қилди. Орадан кўп ўтмай, яъни 16 сентябрда АҚШ президенти Барак Обама “Эболага қарши уруш” эълон қилди ва Ғарбий Африка мамлакатларига уч минг нафар ҳарбий хизматчисини жўнатди. “Катта еттилик” саммит арафасида Германия канцлери Ангела Меркель ҳам эболани хавфли касалликлар рўйхатига киритди. Жаҳон бўйлаб кўтарилган шов-шувлар ўз самарасини берди. Америкалик ҳарбийлар пандемиядан азият чекаётган мамлакатларда касалхоналар қуришди. Минтақадаги давлатларга дунёнинг барча бурчакларидан инсонпарварлик ёрдамлари ва шифокорлар етиб келди. Бу йил вазият яхшиланди, ўлимлар сони кескин қисқарди. Касалликка қарши кураш ўз натижаларини берди.

29 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эбола билан боғлиқ фавқулодда ҳолат тартибини бекор қилганди. Орадан икки кун ўтиб, Либерияда эбола вируси туфайли бир бемор вафот этди. Тарқатилган хабарларга кўра, 31 март куни 30 ёшли аёл касалхонада вафот этган.

Айни дамда жаҳон мамлакатларида эболага қарши вакцина яратиш устида ишлар давом этмоқда. Биринчилардан бўлиб норвегиялик олимлар бу каби вакцина яратилгани ҳақида баёнот беришди. Бироқ вакциналарнинг юз фоиз самара беришига ишонч йўқлиги хам тан олинади.

Шарофидин Тўлаганов

Top