23:50 / 04.04.2016
1509

Роскосмос Восточний космодромидан биринчи ракета учирилиши санасини эълон қилди

Россияда қурилган янги Восточний космодромидан тарихдаги биринчи парвоз апрелнинг охирги чоршанбаси, яъни 27 апрелга белгиланди. Бу ҳақда "Роскосмос" давлат корпорацияси маълум қилди.

"Восточний космодромидан биринчи ракета учирилиши 27 апрелда амалга оширилиши режалаштирилган. Бу Москва вақти билан 5.01 да юз бериши керак", дейилмоқда корпорация берган баёнотда.

Ушбу сана 4 апрелда Россия давлат комиссияси йиғилишида тасдиқланди. "Союз-2.1а" ракета-ташувчиси орбитага "Аист-2Д" коинот қурилмаларини, МДУнинг "Ломоносов" илмий йўлдоши ҳамда SamSat-218 наноспутнигини олиб чиқиши керак.

"Роскосмос" мутахассислари космодром, ракета-ташувчи ва коинот қурилмаларининг барча тизимларининг парвозолди тайёргарлигини бошлашди. Ракетани парвоз жойига олиб бориш 23 апрелга белгиланган.

Амур вилоятидаги Восточний космодроми қурилиши 2012 йилда бошланган. У фуқаролик мақсадлари учун мўлжалланган биринчи миллий космодром бўлади ва Россиянинг коинотга мустақил равишда парвозини таъминлашга имкон беради. Космодромдан биринчи парвоз ўтган йилнинг 25 декабрига белгиланганди, бироқ қурилиш жадвалдан ортда қолгани ва бошқа сабабларга кўра 2016 йилга кўчирилганди.

Top