11:29 / 08.04.2016
1278

ОАВ: Apple АҚШ ҳукуматига 70 дан кўпроқ iPhone’ни очишга ёрдам берган

АҚШнинг Apple компанияси 2008 йилдан бошлаб АҚШ тергов идораларига 70 дан кўпроқ iPhone смартфонларини очишга ёрдам берган. Охирги ойларда юз берган яна 13 ҳолатда компания буни қилишдан бош тортган. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси хабар берди.

Газета бунда Apple’нинг Риверсайд шаҳридаги (Калифорния штати) судга тақдим қилган материалларига асосланмоқда. Бу судда компания ва АҚШ адлия вазирлиги ўртасида тортишув тафтиш қилинган. Нашрнинг маълум қилишича, федерал идоралар биринчи марта Apple’га смартфонни очиб бериш илтимоси билан 2008 йилда Уотертаун шаҳрида болага нисбатан жинсий зўравонлик қилиниши бўйича ишни тергов қилиш доирасида мурожаат қилган. Бу ҳолатда компания раҳбарияти нафақат маҳаллий прокуратурага ёрдам берган, балки тегишли суд ҳукми лойиҳасини тузишга ҳам ёрдам берган.

Томонларнинг ҳамкорлиги 2013 йилгача давом этган. Бироқ АҚШ махсус хизматларининг электрон кузатуви усулларини ошкор қилган АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден сабабли компания бу борада ўз фикрини тубдан ўзгартирган. Компания бу ҳолатдан кейин "ўз маҳсулотлари ҳимояси даражасини тезда оширди ва АҚШ ҳукумати сўровларига шубҳа билан қарайдиган бўлди", деб тушунтирмоқда нашр.

Февралда Риверсайддаги суд Apple’ни Федерал қидирувлар бюросига Калифорниянинг Сан-Бернардино шаҳрида теракт уюштирган террорчилардан бири Саид Фаруқга тегишли бўлган смартфонни очиб бериш мажбуриятини қўйган. Компания раҳбари Тим Кук ФҚБнинг талабини бажаришдан бош тортган. Унинг айтишича, смартфондаги терактни тергов қилиш нуқтаи назаридан муҳим саналган маълумотлар ҳукумат вакилларига тақдим қилинган. Кук махсус хизматга iPhone’ларни очишга имкон берувчи дастурни бериш нияти йўқлигини айтган, чунки бу ҳукумат томонидан фойдаланувчилар ҳақидаги шахсий маълумотларнинг олиниши хатарини яратиши мумкин эди.

Top