16:05 / 08.04.2016
1458

Пентагон кемаларга қарши янги техника намунасини намойиш этди

АҚШ мудофаа маъмурияти беш йилдан сўнг, Тинч океанидаги флоти ихтиёрига, янги, инсон бошқарувисиз 2-3 ой денгизда сузиб, вазифани уддалай оладиган робот кемани топширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Роберт Уорк янги ихтирони тантанали номлаш маросимида қилган чиқишида маълум қилган. Уни "Sea Hunter" яъни денгиз овчиси деб номлашди.

Узунлиги 40 метр бўлган кемаларга қарши денгиз техникаси радарлар ва камералар билан жиҳозланган. Уни иккита дизель мотори ҳаракатга келтириб, тезлигини соатига 50 километргача чиқара олади. У сувости кемаларига қарши туриш мақсадида ишлаб чиқилади. Денгизчилар ва қуроллардан холи бўлган кема рақиб сувости кемасини топгач, унинг кузатиб боради ва манзилига оид хабарларни автоматик равишда узатади.

Мудофаа вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу намуна асосида "Денгиз овчилари" флотилияси ташкил этилади. Шунингдек, дастур муваффақиятли якунланса, 5 йилдан сўнг, АҚШнинг Япония соҳилларида жойлашган 7 ҳарбий денгиз базаси ихтиёрига берилади.

Ушбу кеманинг таннархи 20 миллион долларга баҳоланмоқда, унинг сафар харажатлари кунига 20 минг долларни ташкил этади. 2010 йил бошланган лойиҳани эса, Пентагоннинг истиқболли тадқиқотлар бошқармаси назорат қилади.

Таъкидлаш жоиз, Америка ҳарбий денгиз флоти қўмондонлиги ушбу янгилик Россиянинг дизель-электр сувости кемаларига қарши восита сифатида ишлаб чиқарилишини яширмаяпти. Ғарб манбалари тарқатган маълумотларга кўра, Жазоир Россиядан шундай сув ости кемасидан иккитасини сотиб олмоқчи. Венесуэла - 5, Индонезия - 6 кемага буюртма берган. Эрон эса аллақачон Россиядан 17 дона шундай сувости кемасини харид қилганини эълон қилган.

Умуман, Пентагон раҳбари Эштон Картер, келаси молия йилида, унинг маъмурияти илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига 71,4 млрд доллар маблағ сарфлашини билдирган эди.

Top