11:50 / 09.04.2016
1438

Apple корпорацияси Бостон судининг iPhone’ни “бузиш” талабидан бош тортди

Американинг Apple корпорацияси Бостон (Массачусетс штати) судининг жиноий гуруҳ вакилига тегишли iPhone смартфонидаги маълумотларни очиб бериш тўғрисидаги талабидан бош тортди. Бу ҳақида компания вакиллари жума куни Reuters агентлигига хабар берди.

Суд ҳужжатларига кўра, шу йилнинг февраль ойида Apple зиммасига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қурилмаларни текширишда ёрдам бериш ва “имкон борича” ундаги маълумотларни очиб бериб, махсус дискларда посбонларга етказиш вазифаси юклатилган эди.

Компания вакиллари суд юклаган мажбуриятга ва бошқа ўхшаш талабларга ҳам рад жавобини берган.

Риверсайд (Калифорния штати) суди февраль ойида Appleни Калифорнияда ўтган йили содир этилган теракт ижрочиси — Саид Фарукнинг смартфонидаги маълумотларни очишда ФҚБга ёрдам кўрсатиш мажбуриятини юклаган эди. Компания раҳбари Тим Кук эса ўша вақтда ФҚБ талаби қайта кўриб чиқилишини сўраган эди. Чунки компания томонидан давлат органларига тергов нуқтаи назаридан муҳим бўлган маълумотларни аллақачон теракт ижрочисининг смартфонидан олиб берилган. Унинг таъкидлашича, компания iPhone смартфонларини “бузиш”да ёрдам берадиган махсус дастурий таъминотни давлат органларига бермайди, чунки бу барча iPhone фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини хавф остига қўяди.

Март ойининг охирида давлат органлари Apple’нинг ёрдамисиз террорчи смартфонидаги ахборотларни олишга эриша олди. Шунинг учун, АҚШ адлия вазирлиги суддан Apple’нинг қурилмани “бузиш”да ёрдам кўрсатиш мажбурияти ҳақидаги қарорини бекор қилишни талаб қилди.

Top