21:08 / 10.04.2016
1336

Нагасаки мэри Обамани атом бомбаларидан азият чеккан шаҳарларга ташриф буюришга таклиф қилди

Япониянинг Нагасаки мэри Томихиса Тауэ АҚШ президенти Барак Обамани атом бомбаларидан азият чеккан шаҳарларга ташриф буюришга таклиф қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

"Бу етакчининг атом бомбардимонларидан азият чеккан шаҳарларга ташриф буюриши муҳимдир", деб айтди Тауэ.

10 апрелда Хиросимада "катта еттилик"ка (G7) кирувчи давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашуви бошланди. Бу учрашувда иштирок этувчи АҚШ Давлат котиби Жон Керри Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларининг АҚШ томонидан бомбардимон қилинишидан кейин Хиросимага ташриф буюрувчи АҚШ Давлат департаментининг биринчи вакили бўлади.

1945 йил 6 августда АҚШнинг B-29 самолётидан Япониянинг Хиросима шаҳрига 13-18 килотонна тротил эквивалентига тенг атом бомбаси ташланган. Шундан 3 кун ўтиб, 9 августда 21 килотонна тротил эквивалентига тенг атом бомбаси Нагасакига ташланган. Бу бомбардимонлар оқибатида Хиросимада 166 минггача, Нагасакида эса 80 минггача одам ҳалок бўлган. Бу бомбардимонларнинг салбий оқибати бу ҳудудларда бир неча ўн йиллар давомида сезилиб турган.

Top