23:40 / 11.04.2016
1874

Қозоғистонлик чегарачилар "Москва- Тошкент" поездида ноқонуний юкларни аниқлашди

Ўтган дам олиш кунлари қозоғистонлик чегарачилар Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида ноқонуний юк ва гиёҳванд моддалар аниқладилар. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати расмий сайтида маълум қилинди.

Қозоғистоннинг Сариағоч чегара отрядининг "Сарыагаш ж.д." ўтказиш пункти наряди "Москва-Тошкент" йўналишидаги поезднинг учта вагонида контрабанда юки – халқ истеъмоли маҳсулотлари – 43 килограммлик озиқавий қўшимчалар ва 8 кг атир-упа аниқлашди. Ушбу ҳолатдан Жанубий Қозоғистон вилояти ҳуқуқ-тартибот муассасалари вакиллари хабардор этилди. Тафтиш учун поездда йўлбошловчи бўлиб ишлаган Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқароси тушириб қолдирилди.

Шу куннинг ўзида хизмат ити ёрдамида Ўзбекистоннинг 29 ёшли фуқароси қўлга олинди. Унинг қўл юки текширилганда 200 граммга яқин ўзига хос ҳидга эга бўлган яшил рангдаги ўсимлик – марихуана бўлиши тахмин қилинаётган модда аниқланган. Қўлга олинган шахс темир йўл изларига хизмат кўрсатувчи ишчи бўлган.

Шунингдек, қозоғистонлик чегарачилар шу чегара отрядининг "Жибекжолы авто" ўтказиш пунктида хизмат ити ёрдамида Ўзбекистоннинг 33 ёшли яна бир фуқаросини қўлга олишди. Унинг ёнида ҳам марихуана аниқланган. Қўлга олинган кимса Қозоғистондан Ўзбекистонга пиёда кетаётган бўлган. У текширилганда, пайпоғи ичига 53 грамм атрофидаги марихуана моддасини яширмоқчи бўлган. Ушбу ҳақда тегишли идораларга хабар берилди.

Top