17:31 / 11.04.2016
1662

ОАВ: Саудия Арабистони подшоҳининг Анқарага ташрифи учун меҳмонхона банд этилиб, 500та люкс автомобиль ижарага олинди

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдул Азиз Ал Сауд Туркияга ташриф буюриши муносабати билан унинг маъмурияти 500та люкс автомобилларни ижарага олди ва пойтахтдаги энг замонавий меҳмонхонани тўлиқ банд этди. HuberTurk телеканали хабарига кўра, меҳмонхонанинг автотураргоҳи подшоҳнинг бундай ҳажмли кортежи учун кичиклик қилди.

Ал Сауд хорижга ташрифларида хавфсизлик шароитларини таъминлаш, шунингдек, ўз қудратини намойиш этиш мақсадида "катта оёқ ташлаши", яъни сафарни ҳашаматли даражада ўтказиши билан маълум.

Анқаранинг обрўли туманида президент қароргоҳига яқин жойлашган беш юлдузли меҳмонхона бир неча кун давомида фақат қирол ва унинг мулозимларига хизмат кўрсатади. Меҳмонхонадаги барча юзлаб номерлар сотиб олинган. Махсус рухсатнома асосида кириш тизими ташкил этилган.

Саудия Арабистони раҳбари учун Туркияга бир неча юк машиналарида озиқ-овқат маҳсулотлари, чойшаблар ва ҳатто гигиена воситалари келтирилган.

Қиролнинг ўзи меҳмонхонанинг энг яхши номерли алоҳида қаватда истиқомат қилади. Маълум бўлишича, унга ўзининг мулозимлари хизмат кўрсатади.

Шаҳарда ҳаракатланиш, учрашувлар ташкил этиш учун Ал Сауднинг маъмурияти ўзи олиб келган транспортлардан ташқари Туркияда 500 дона атрофида люкс синфидаги машиналарни ижарага олган. Анқарада ҳукумат автомобиллари ва микроавтобуслари етарли миқдорда бўлмагани сабабли қўшимча машиналар Истанбул, Анталия ва бошқа йирик шаҳарлардан етказилди. Қиролнинг барча транспорти меҳмонхонанинг кўп қаватли автотураргоҳларга сиғмай қолди. Унинг атрофида икки қаторли сафда 200 метрга чўзилган масофада қора рангли автомобиллар тизилди.

Туркия ўтган йилнинг ноябрь ойида ҳам G20 саммитида қатнашиш учун Анталияга келган Ал Саудни қабул қилган эди. Ўшанда Саудия делегацияси таркибида минг нафар атрофида одам Туркияга келган. Қиролнинг ташрифига икки ой олдин тайёргарлик кўрила бошланган. Қирол ва унинг мулозимлари учун 550та номерли “Мардан Палас” меҳмонхонаси тўлиқ сотиб олинган.

Ар Риёддан Анталияга озиқ-овқат маҳсулотлари, идиш-товоқ, чойшаб ва қирол оиласи фойдаланишга кўниккан бошқа барча нарсалар юкланган 16та юк машинаси келтирилган. Шунингдек, Туркиянинг курорт шаҳрига Ал Сауднинг европалик ишлаб чиқарувчи томонидан махсус буюртма асосида ясалган 65та машинаси олиб келинганди.

Top