21:38 / 15.04.2016
1766

Олий Лига, 5-тур. «Пахтакор» яна очко йўқотди, «Насаф» ва «Локомотив» ўз ўйинларида ғалаба қилди

Бугун, 15 апрель куни футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 3та учрашув бўлиб ўтди.

Осиё Чемпионлар Лигасида Ўзбекистон номидан иштирок этаётган клублардан уч жамоа иштирокидаги ўйинларнинг дастлабкиси Тошкентда, «Локомотив» ва «Машъал» ўртасида ўтказилди. Унда мезбонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қилишди. «Темирйўлчилар» таркибидаги голларга Сервер Жепаров, Сардор Мирзаев ва Темурхўжа Абдуҳолиқов муаллифлик қилди. «Машъал»нинг ягона голи учрашувнинг сўнгги дақиқасида Шайманов томонидан урилди.

Мавсум бошидан буён ўтказилган расмий ўйинларнинг ҳеч бирида мағлубиятга учрамаган Тошкентнинг «Локомотив» клуби ҳисобидаги очколар сони эндиликда 13тага етди ва жамоа турнир жадвалининг биринчи ўрнида жойлашган. «Машъал» эса 5 турдан 4 очко жамғариб, тўққизинчи ўринда қолмоқда.

Навоий шаҳрининг «Қизилқум» жамоаси ва амалдаги чемпион «Пахтакор» жамоалари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда эса пойтахтликлар яна очко йўқотди. Дастлабки 4 турдан кейин 3 ғалаба ва 1 дуранг қайд этиб, 10 очко билан етакчилар сафида бораётган «Қизилқум» иккинчи дурангга эришди.

Ўтган турда мавсум дебьютанти, Тошкентнинг «Обод» жамоаси билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган навоийликлар клуби, бу сафар «Пахтакор» билан ҳам шу натижага имзо чекди.

Учрашувда «Пахтакор» ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Сергеев 64-дақиқада гол урган бўлса, Шодмонов 72-дақиқада ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Камолиддин Тожиев 81-дақиқада яна «Пахтакор»ни ҳисобда олдинга олиб чиққан эди, аммо 90+4 дақиқада Квесиешвили гол киритиб, якуний 2:2 ҳисобини ўрнатишга муваффақ бўлди.
Бу «Пахтакор»нинг кетма-кет учинчи дуранг натижаси эди. Эндиликда навоийликлар 11 очко билан учинчи ўринда, «Пахтакор» эса 9 очко билан бешинчи ўринда бормоқда.

Қаршининг «Насаф» клуби эса ўз майдонида «Қўқон-1912» клубини қабул қилди ва кичик ҳисобда ғалабага эришди. Учрашувнинг 24-дақиқасида Атрур Геворкян иккинчи марта огоҳлантирилиб, майдондан четлатилган бўлса-да, қаршиликлар ғалаба қозонишни уддалай олишди. Учрашувдаги ягона гол 28-дақиқада Шерзод Аъзамов томонидан урилди.

«Насаф» «Локомотив» билан бир хил, 13тадан очко жамғариб, турнир жадвалида қўшҳокимлик ўрнатган. «Қўқон-1912» 6 очко билан саккизинчи ўринда жойлашган.

Ўзбекистон Олий Лигаси
5-тур беллашуви
15 апрель, жума

«Локомотив» — «Машъал» 3:1
Голлар: Сервер Жепаров, 27-пен (1:0). Сардор Мирзаев, 67 (2:0). Темурхўжа Абдухолиқов, 79 (3:0). Шаҳзод Шайманов, 90+1 (3:1).

«Қизилқум» — «Пахтакор» 2:2
Голлар: Игорь Сергеев, 64 (0:1). Самандар Шодмонов, 72 (1:1). Камолиддин Тожиев, 81 (1:2). Георгий Квесиешвили, 90+4 (2:2).

«Насаф» — «Қўқон—1912» 1:0
Гол: Шерзод Аъзамов, 28 (1:0).
Четлатиш: Артур Геворкян, 24 (Н).

Тур ўйинлари 16-17 апрель кунлари давом эттирилади. Шанба куни «Металлург» — «Обод», «Навбаҳор» — «Шўртан», «Нефтчи» — «Сўғдиёна», «Бунёдкор» — «Олмалиқ» учрашувлари ўтказилса, «Бухоро» — «Андижон» якшанба кунига белгиланган.

Top