12:17 / 21.04.2016
1552

Mitsubishi офисида автомобил хусусиятларини сохталаштириш билан боғлиқ текширувлар авж олди

Япония давлат ер ҳудудлари, инфратузилмалар, транспорт ва туризм вазирлиги Mitsubishi Motors автомобиль компанияси тадқиқот маркази штаб-квартирасида текширув ишларини олиб бормоқда. Корпорация раҳбарияти томонидан қатор моделларнинг техник сифатлари тўғрисидаги маълумотлар сохталаштирилганини тан олингани суриштирув ишларини бошлашга сабаб бўлди. Бу ҳақда маҳаллий телеканалга асосланиб ТАСС хабар бермоқда.

Айни пайтда синовдан ўтказиш қоидалари бузилгани натижасида ёқилғи сарфи даражасини камайтириб кўрсатилганини ошкор этувчи маълумотлар чоп этилгач, компанияни жавобгарликка тортиш, жумладан, жаримага тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Компания президенти Тэцуро Аикава белгиланган нормаларнинг бузилганини тан олди.

“Биз ўзимиз ишлаб чиқарадиган автомобилларимизнинг бир нечасида ёқилғи сарфи даражасини камайтириб кўрсатиш мақсадида синовларни ўтказишда қоидаларга риоя этмаганимизни тасдиқлаймиз. Кўрсаткичлар ўртача 5-10 фоизга пасайтирилган бўлиши мумкин”, - деди раҳбар.

2013 йил ўрталаридан бошлаб ишлаб чиқарилган олтита, жумладан, eK-Wagon, eK-Space ихчам автомобиль моделларида ёқилғи сарфи нотўғри кўрсатилган.

Mitsubishi билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган бошқа япон компанияси маҳсулоти Nissan Dayz автомобилида ҳам техник ҳужжат нормалари бузилган. Ҳозиргача Японияда тахминан 625 мингта шундай машина сотилган.

Транспорт вазирлиги Mitsubishi Motor раҳбариятидан йўл қўйилган барча қоидабузарликлар хусусида батафсил маълумотларни талаб қилди. Бошқа компанияларни эса мазкур айбловларнинг олдини олиш учун ўтказилган синов натижаларини текшириб чиқишга ва 18 майгача ҳисобот топширишга чақирди.

20 апрель куни Mitsubishi Motor ҳийла-найранглари фош бўлгач, компания акциялари 15 фоиздан ортиқ арзонлаб кетди ва ўзи билан бирга асосий етказиб берувчиларнинг қимматбаҳо қоғозлари нархини ҳам тушириб юборди.

Top