11:57 / 25.04.2016
1469

NYT: ИШИДга қарши курашда кўмаклашмоқчи бўлган америкалик бир йилдан кўпроқ вақт қамоқда ўтирди

ИШИД гаровга олганларни озод этишда ФҚБга ёрдам бермоқчи бўлган АҚШ фуқароси суд ва терговларсиз 14 ойлик умрини қамоқхонада ўтказди, деб ёзмоқда The New York Times.

Хабар қилинишича, 42 ёшли Тоби Лопес, Афғонистонда унинг синфдошини ўлдириб кетишгач, ИШИД жангарилари қўлга олганларни озод этишга ҳисса қўшишга аҳд қилган. Террорчиларнинг журналистларга ҳужум қилишни кучайтирганлари тўғрисидаги хабарлар унинг қарорини мустаҳкамлаган, холос.

Америкалик ижтимоий тармоқлар орқали террорчилар раҳбарлари билан алоқа ўрнатишга уринган ва режалари хусусида ФҚБнинг маҳаллий бўлимини электрон мактуб орқали хабардор этиб борган. Аммо унинг кўплаб хатлари эътиборсиз қолдирилган.

Ҳукумат вакилларининг қандай бўлмасин ўз ташаббусига диққатини тортиш мақсадида, Лопес ФҚБни ишончсизликда айблаб мактуб юборишга қарор қилган. Бу эса, таҳдид сифатида баҳоланган, деб ёзади газета. Полиция маҳкамаси ходимлари Лопес уйига келиб, уни ҳибсга олишган. Шундан сўнг, америкалик 14 ой мобайнида турли қамоқхоналарда судсиз ва терговсиз сақланган. Бу вақт мобайнида руҳий экспертизалардан ҳам ўтказилган.

«Мен ва оилам бошидан кечирганларни душманимга ҳам тиламаган бўлардим. Ҳукуматнинг яхши ниятли фуқаролари билан шундай муомала қилиши афсусланарлидир», — деган Лопес журналистларга берган интервьюсида.

22 апрель куни Делавер штати прокуратураси руҳий экспертизалар асосида, Лопесдан айбловларни бекор қилган эди, деб ёзади NYT.

Бундан аввал, АҚШда нотўғри ҳукм сабабли 33 йил қамоқда ўтирган киши озод этилгани хабар қилинган эди.

Top