12:07 / 27.04.2016
2458

Тошкентда Марказий Осиё оғир атлетика федерацияси ташкил этилди

21–30 апрель кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон» спорт саройида оғир атлетика бўйича Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланмалар ўйналадиган Осиё чемпионати баҳслари ўтказилмоқда. Ушбу мусобақа доирасида Осиё оғир атлетика федерацияси раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Туркманистон ва Тожикистон вакиллари иштирокида Марказий Осиё оғир атлетика федерациясини ташкил этиш юзасидан йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берган.

Йиғилишни Осиё оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Ҳасан Жолуд ва Осиё оғир атлетика федерациясининг вице-президенти, доктор Абдуллоҳ Ал Жармал олиб борди.

Унда Марказий Осиё оғир атлетика федерациясини ташкил этиш масаласи бир овоздан маъқулланди.

Шундан сўнг, янги ташкил этилган Марказий Осиё оғир атлетика федерациясининг президенти этиб, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси биринчи вице-президенти Шахрулло Маҳмудов тайинланди.

Марказий Осиё оғир атлетика федерацияси бош котиби лавозимига Омар Мустафин (Қозоғистон), вице-президент лавозимларига эса Омуржан Молдодосов (Қирғизистон), Башим Агабаев (Туркманистон), Шариф Давлатов (Тожикистон) тайинланди.

Йиғилиш қарорига кўра, Марказий Осиё оғир атлетика федерациясининг қароргоҳи Тошкент шаҳрида (Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг ҳозирги жойлашган юридик манзилида) жойлашади.

Top