12:12 / 29.04.2016
6695

Ўзбекистон Россия ва МДҲга автомобиллари экспортида қўллаш учун тежамкор восита ишлаб чиқмоқда

Ўзбекистон темирйўлчилари айни дамда бутунлай янги уч қаватли темир йўл вагони ишлаб чиқариш устида ишламоқда. Ушбу вагонлар GM Uzbekistan маҳсулотларини Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатларига экспорт қилишда фойдаланиш учун мўлжалланган. Бундай янги вагонлардан фойдаланиш яқин 2 йил ичида йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Sputnik Ўзбекистон мухбирининг Тошкент темир йўл муҳандислари институти вакилига асосланиб берган хабарига кўра, ушбу лойиҳани амалга ошириш олийгоҳнинг “Вагонлар ва вагон хўжалиги” кафедрасининг бир неча ёш олимларига топширилган. Лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ташаббуси билан бошланган.

“Бизнинг автомобиль саноатимиз маҳсулоти МДҲ бозорида катта талабга эга. Ҳозир маҳсулот темир йўл транспорти орқали икки ярусли вагонларда бошқа мамлакатларга жўнатилади. Автомобилларни узоқ масофага жўнатишда айнан темир йўл транспортидан фойдаланиш қулайроқ. Автомобиллар ташиш нархини тушириш орқали, автомобилларимизнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида институт уч қаватли вагонлар ясашга киришди. Бу каби автомобиль ташувчи вагонлар бизга йилига бир неча юз миллиард сўмни тежаш имконини беради. Бу темир йўл ташиш нархлари ошаётган вақтда жуда долзарбдир”, — дейди манба.

Ҳозирда лойиҳа техник-иқтисодий асослаш босқичида турибди. Янги вагоннинг 3D модели ишлаб чиқилган. Вагон тўлиқ темир каркасдан ташкил топган бўлиб, унинг рамаси пастга туширилган. Вагоннинг орқа томонида эшиги бор ва ён томони тўлиқ очилади. Кузовда ҳаракатланадиган рама ўрнатилган, унга автомобилларни жойлаштириш ва мустаҳкамлаш мумкин.

Янги вагон пастлатилган рамага эга бўлиб, у вагон майдонидан самарали фойдаланиш имконини беради ва 19тагача автомобил сиғдириши мумкин. Ҳозирги вагонлар икки қаватли бўлиб 10тагача автомобиль учун мўлжалланган.

Вагон лойиҳаси тўлиқ "Ўзбекистон темир йуллари" томонидан молиялаштирилади ва Тошкент Механика заводида ишлаб чиқарилади.

2016 йилнинг 1-чорагида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ 16,7 миллион тонна юк ташиди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 100 минг тоннага кўп демакдир. Шунингдек, 1-чоракда компания 4,9 млн кишининг узоғини яқин қилган.

Top