13:01 / 02.05.2016
4549

Навоийда пиллачиликни ривожлантириш учун 620 минг туп тут кўчати экилди

Навоий вилояти пиллакорлари жорий йилда минг тоннадан ортиқ қимматбаҳо хомашё етиштиришни режалаштирган.

Аграр соҳани ислоҳ қилиш жараёнида пиллачиликни ривожлантириш, унинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, етиштирилган хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

“Хомашёдан – тайёр маҳсулотга” механизми асосида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида ип-калава ҳамда ипак толаси, ундан тайёрланаётган бежирим маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда тобора харидоргир бўлиб бормоқда.

Вилоятда сифатли пилла етиштириш, олий навли ипак олиш мақсадида 14 минг қути пилла уруғи келтирилиб, қўшимча 3 минг 700 қути маҳаллий уруғлар тўлиқ жонлантирилди.

"Айни пайтда 1 минг 296 фермер хўжалигида пилла етиштирилмоқда. Мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида тутзорлар алоҳида муҳофаза қилиниб, 620 минг туп тут кўчати экилди. Етиштирилган хомашёни ўз вақтида йиғиб олиш учун махсус пунктлар тайёр ҳолатга келтирилмоқда", – дейди Навоий вилояти “Пилла” бирлашмаси раиси Умид Нарзиев.

Вилоятда пилла хомашёсидан ипак тола олиш, яъни пиллани қайта ишлаш борасида махсус фабрикалар фаолият юритмоқда. Хусусан, Хатирчи туманидаги “Хатирчи пилла хазинаси” хусусий корхонасида йилига 60-65 тонна пиллани қайта ишлаш имконияти мавжуд. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган цехда саноатбоп қуруқ пилладан сифатли ипак толаси тайёрланмоқда.

Top