18:55 / 02.05.2016
13564

Ўзбекистонда лазер нурлари билан самолёт учувчиларининг кўзини қамаштирганларга жавобгарлик кучайтирилди

2016 йил 26 апрелидан Республика маъмурий ва жиноят кодексларига ўзгартириш ва тузатишлар киритилди. Унга кўра, лазер билан содир этилган безорилик учун жазо чоралари кучайтирилди. У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 30 март куни қабул қилинган, 31 март куни Сенат томонидан тасдиқланган. 

Янги тузатишларга биноан, Маъмурий жавобгарлик кодекси 116-1 "Ҳаво кемасидан фойдаланишга лазер нури билан тўсқинлик қилиш" банди билан тўлдирилди. Ушбу жиноят содир этилгани исботланган тақдирда, айбланувчи энг ойлик иш ҳақининг 100 дан 200 бараваригача жаримага тортилиши ёки 15 суткага маъмурий ҳибсга олиниши ҳамда унинг лазер нури қурилмаси мусодара қилиниши мумкин. Мазкур жиноятни вояга етмаган шахс амалга оширган тақдирда маъмурий жазо қўлланилади. 

Маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг, такрорий ушбу жиноят содир этилиши ёхуд биринчи мартасида ўрта ёки оғир оқибатларга олиб келиши жиноий иш қўзғатилишига сабаб бўлади. Жиноят кодексининг янги 263-1 бандига мувофиқ, бу каби жиноят учун 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 ойгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. 

Мабодо бу ҳаракат туфайли инсон умрига зомин бўлинса, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача қамоқ жазоси билан жазоланади. Лазер нури билан учувчи кўзи қамаштирилса ва бунинг оқибатида инсонлар қурбон бўлса, йирик фожеа ва бошқа оғир асоратларга олиб келса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга олиб келади.

Top