23:11 / 05.05.2016
31920

АҚШ фуқаролари охирги 5 йил ичида 50 дан кўпроқ қирғиз боласини фарзандликка олди

АҚШ фуқаролари охирги 5 йил ичида Қирғизистондан ота-оналар қаровисиз қолган 54 болани фарзандликка олган, деб хабар берди 5 май куни Қирғизистон меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири Худойберген Бозорбоев.

"5 йил ичида АҚШ фуқаролари Қирғизистонда боқиб олувчилар топилмаган 54 болани фарзандликка олди. Бола оилада яшаб, тарбияланиш ҳуқуқига эга", деб айтди вазир. Вазир давлат учун қирғизистонликлар томонидан фарзандликка олиш устувор ҳисобланишини таъкидлаб ўтди. Шу давр ичида қирғизистонликлар томонидан 5,5 мингдан кўпроқ бола боқиб олинган.  

Вазирлик АҚШ элчихонаси билан қирғиз болаларининг АҚШ оилаларида яшаш шароитларини мониторинг қилиб боради. Мамлакат парламенти депутатлари ва вазирлик ходимлари видеоалоқа ёрдамида боқиб олинган болалалар билан суҳбатлашишган.

"Видеоалоқада парламент депутатлари, ташқи ишлар вазирлиги, бош прокуратура, омбудсмен аппарати вакиллари ҳамда "Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лигаси" жамоатчилик фондининг директори Нозгул Турдубекова, АҚШдан эса 10 оила иштирок этди", деб маълум қилинди вазирлик матбуот хизматида.

Хусусан, видеоалоқага Қирғизистондан 4 нафар ака-сингилни боқиб олган оила ҳам чиқди. Айни вақтда болалардан каттаси турмушга чиққан ва ўз фарзандини вояга етказмоқда. Болаларнинг янги ота-оналари улар АҚШга келгандан кейин эришган муваффақиятлари билан ўртоқлашдилар. Барча АҚШ оилалари фарзанд боқиб олишгандан кейин қандайдир имтиёзлар ёки ижтимоий нафақалар олиш учун давлатга мурожаат қилишмаганини таъкидлаб ўтишди. 

Халқаро фарзандликка олиш жараёни Қирғизистонда 2013 йил охирида болаларни хорижликларга фарзандликка беришдаги можаролар ҳамда фирибгарлик ва коррупцион схемалар фош қилингани сабабли тўхтатилгандан кейин яна қайта йўлга қўйилган. Бу можаролар ортида Қирғизистоннинг собиқ ижтимоий ривожланиш вазири Равшан Собиров халқаро фарзандликка олиш соҳасида фаолият юритган хорижий компаниядан 20 минг доллар пора сўрагани учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Top