18:22 / 11.05.2016
4774

Хитойдаги осмонўпар бинонинг 76-қаватидан пастга тушган ойна Tesla ҳайдовчисига жароҳат етказди

9 май куни Хитойдаги энг баланд бино - Шанхай минорасининг 76-қаватидан ойна пастга қулаб, Tesla автомобили ҳайдовчисининг ёнига тушди. Бу ҳақида Mashable хабар берди

Бу ҳодиса осмонўпар бинонинг бир қисми зиёратчилар учун очилганидан кейин бир неча ҳафта ўтиб содир бўлди. 200 килограммли вазнга эга шиша автотураргоҳда турган Tesla автомобили ёнига келиб тушди.

Ойна ерга тушаётган вақтда ҳайдовчи машинадан чиқаётган бўлган. Шиша ҳайдовчининг ёнига тушган, шу сабаб у тирик қолган, бироқ оёғига кўплаб шиша синиқлари кириб, жароҳат олгани учун касалхонага жўнатилди.  Автомобилга зиён етганми ёки йўқлиги ҳозирча номаълум, лекин воқеа содир бўлган жойда олинган суратларда шиша бўлакларининг машина ёнида сочилиб ётганини кўриш мумкин.

ОАВнинг хабар беришича, мазкур ҳодиса ишчилар дераза ойнасини алмаштираётган пайтда рўй берган. Шанхай минораси вакилларининг сўзларига кўра, ойна яхши мустаҳкамланган бўлган ва шу боис бу ҳолат қандай содир бўлгани ҳозиргача тушунарсиз бўлиб турибди. Барча таъмирлаш ишлари тергов тугагунга қадар тўхтатилади.

Шанхай минораси 2015 йилнинг ўрталаригача саккиз йил давомида қурилди, аммо номаълум сабабларга кўра 2016 йилнинг мартига қадар очилгани йўқ. Бугунги кунга келиб фақат бинонинг ертўласи ва пастки қаватлари очиқ, қолган қисмининг очилиш муддати эълон қилинмаган. 

Бинонинг баландлиги 632 метрни ташкил этади. У баланлигига кўра, Дубайдаги "Бурж ал-Халифа"дан (828 метр) кейин иккинчи ўринда туради.

Top