18:25 / 11.05.2016
7263

Миробод туманидаги “Янги Миробод” маҳалла фуқаролар йиғинида йиғин раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтди

Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги “Янги Миробод” маҳалла фуқаролар йиғинида йиғин раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтди. 

Ушбу маҳаллада икки мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ишчи гуруҳ 940 сайловчини рўйхатга олди. Маҳалла фаоллари томонидан фуқаролар йиғини раислигига 2 ва раис маслаҳатчилигига 20 номзод тавсия этилди. 

Ушбу муҳим жараёнда маҳалла аҳли фаол иштирок этди. Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. 

Маҳалла фуқаролар йиғини раислигига номзодлар Орзигул Тўрабоева ва Малика Бекназарованинг режалари эшитилди. Номзодлар дастурида маҳалла ободлиги, ҳудудда бунёдкорлик ишларини кучайтириш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича таклифлар берилган. 

Номзод О.Тўрабоева дастурида ҳудудларни ободонлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тўй-маросимларни ихчам, камхарж қилиб ўтказиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш борасидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилганлиги маҳалла аҳлига манзур бўлди.

Ёпиқ овоз бериш йўли билан ўтган сайловда Орзигул Тўрабоева “Янги Миробод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди. Маслаҳатчилар лавозимига кўрсатилган йигирма номзоднинг ўн нафари очиқ овоз бериш йўли билан маҳалла раисининг маслаҳатчилари этиб сайланди. 

– Маҳалламиз одамлари аҳил, меҳр-оқибатли, – дейди О.Тўрабоева. – Кексалар иззат-ҳурматда, ёшлар ўқиш, тадбиркорлик билан банд. Маҳалламиздаги маънавий муҳитни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишни мўлжаллаганмиз. 

Гўзал Сатторова, ЎзА    

Top