17:10 / 16.05.2016
15088

ЎзМУ доценти президентнинг университетни қайта ташкил этиш бўйича қарорига шарҳ берди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, журналистика факультети доценти Шерзодхон Тожиддинович Қудратхўжаев Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорини шарҳлади.

Ўзбекистон Миллий универститетининг юқори малакали кадрлар тайёрлаш илмий салоҳияти ва сифатини жаҳон тажрибаси асосида мустаҳкамлаш мақсадида 2016 йил 11 май куни Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 2527- сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети негизида Ядро физикаси институтини қайта ташкил этиш тўғрисидаги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Халқ таълими вазирликларининг Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг таклифи қабул қилинган.

Қарорда кўзда тутилган асосий мақсад ўқув жараёнини илмий-тадқиқот фаолияти билан алоқасини янада кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни фундаментал ва амалий тадқиқот ишларига кенг жалб қилиш, бунинг учун зарур бўлган замонавий инфратузилма ва уларнинг моддий-техник базасини яратишдан иборат.

Мазкур қарор Ўзбекистон Миллий университетига қуйидаги янгича талаб ва вазифаларни қўяди:

- фундаментал ва гуманитар соҳалар учун замонавий талаблар асосида юқори малакали ўқитувчилар ва илмий ходимлар тайёрлаш, республиканинг таянч университети мақомида олий таълим дастурини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириб бориш.

- фундаментал илмий-изланишларни мунтазам равишда олиб бориш, илмий мактабларнинг юқори технологик фан йўналишлари бўйича салоҳиятини ошириш, илғор хорижий университетлар ва фан йўналишларидаги илмий марказлар билан алоқани мустаҳкамлаш;

- юртимиз олий таълим муассасаларининг илмий-тарбиявий, илмий-методик ва маънавий-маърифий фаолиятини йўналтириш, таълим тизими босқичларининг узлуксизлигини таъминлаш;

- олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва илмий тадқиқот ташкилотлари мутахассисларининг малакасини амалдаги халқаро талаб ва стандартлар асосида қайта тайёрлашга доир тизимни такомиллаштириш.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Миллий университети математика, табиий ва гуманитар фанлар йўналишларида кадрлар етиштириш бўйича республика олий таълимидаги таянч олий ўқув юрти ҳисобланади. Ядро физикаси институти тугатилиб, унинг бино ва лабораториялари, бошқа мулклари Ўзбекистон Миллий университети физика факультети илмий-ўқув жараёни талабларидан келиб чиққан ҳолда мослаштирилади.

"Ўзбекистон Миллий университети улкан илмий салоҳият ва юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркибига эга. Фан ва техника ривожи миллий тараққиётнинг бош мезони эканлигини инобатга олган ҳолда профессор-ўқитувчилар давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорини мамнуният билан кутиб олдилар ва унда қўйилган асосий вазифаларни бажаришга, Ўзбекистоннинг илм-фан соҳасидаги дунёнинг етакчи илмий муассасалари орасида муносиб ўринни эгаллашига ўз ҳиссаларини қўшадилар", дейилади шарҳда.

Top