14:39 / 18.05.2016
9542

Ўзбекистонда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоиз ошди

«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва ушбу йўналишдаги ўқув муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашга бағишланган матбуот анжумани ўтказди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Унда акциядорлик жамиятининг етакчи мутахассислари, тармоқ корхоналари, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти вакиллари иштирок этди.

«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш бош бошқармаси бошлиғи Ш.Султоновнинг таъкидлашича, тармоқ корхоналари бир йилда 490 минг тонна калава ип, 296 миллион квадрат метр мато, 96 минг тонна трикотаж полотноси, 271 миллион дона тикувчилик-трикотаж ва 71 миллион жуфт пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятига эга. Жорий йилнинг дастлабки уч ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоиз ошди.

Жорий йилнинг январь-март ойларида тармоқ корхоналари томонидан 18 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, 178 турдаги енгил саноат товарлари –  3,1 миллион квадрат метр мато, 24 моделдаги 5,8 миллион дона тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг ўсиши экспорт ҳажмининг кенгайиши билан боғлиқ. Бугунги кунда «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти корхоналари маҳсулотлари Европа, Осиё, Шимолий ва Жанубий Америкадаги 55 мамлакатга экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, экспорт қилинган маҳсулотлар миқдори 206,1 миллион долларга етди. Бу 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 6,2 фоиз кўпдир. Шу йилнинг охиригача тармоқда экспорт ҳажмини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади.

Top