16:21 / 20.05.2016
7230

Республика бўйлаб 130 та Мониторинг марказлари ташкил этилди

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг www.uzpse.uz расмий сайтида ёзилишича, компания таркибидаги «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамиятининг пахта тозалаш корхоналари ҳузурида 130 та Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ҳисоб-китоб қилиш Мониторинг марказлари ташкил этилган.

 “Марказларни ташкил этишдан кўзланган мақсад, республикада пахта  ҳосилдорлигини ошириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказишда тизимли назорат ўрнатиш, фермер хўжаликлари билан таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида тўлов интизомини ва ҳисоб-китоб ишларини янада такомиллаштиришдан иборат. Марказларнинг асосий вазифаси қилиб, фермер хўжаликлари ва таъминотчи, тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар, солиқ идоралари ҳамда пахта тозалаш корхоналари ўртасидаги ҳисоб-китоб ва тўлов тизимини янгидан тартибга келтириш, соддалаштириш, шаффофлигини таъминлаш, хўжаликларнинг пахта ва ғалла майдонларида белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши устидан доимий назорат тизимини мукаммаллаштириш, агротехник тадбирлар учун ажратилаётган моддий ресурслардан (ёнилғи-мойлаш материаллари, кимёвий ўғитлар ва ҳ.к.) мақсадли ва оқилона фойдаланилишни назоратга олиш белгиланган. 

 Махсус режа асосида мавжуд Мониторинг марказлари таъмирланиб, мебель, компьютер техникаси ва керакли жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Шунингдек, доимий алоқани таъминлаш имконини берувчи оптик ва интернет алоқа тизими чекка-чека ҳудудлардаги мониторинг марказларига ҳам ўрнатилди”, дейди “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бош директори Яшин Хидиров.

“Мазкур Мониторинг марказлари фермерлар учун қандай қулайликлар беради?”, деб берилган саволга “Авваллари фермер бирор зарурий маҳсулотга буюртма бериш ёки зарурий агротехник тадбирлар учун маблағ олиш зарур бўлса, туманнинг турли нуқталарида жойлашган муассасаларга бориб, ярим ойлаб вақт йўқотар, бу ўз навбатида дала ишларига, айниқса ҳосилдорликка ҳам таъсир ўтказмай қолмасди. Энди эса бу жараёнлар бир жойда, яъни барча хизматларни ўзида жамлаган Мониторинг марказида ярим соатда ҳал бўлмоқда. Фермерларимиз бундан жуда хурсандлар.   Шунингдек, пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига ҳисоб-китобларда қулайликлар яратиш мақсадида электрон имзо тизими, яъни смарт карталар жорий қилиниб, ҳисоб-китобларда ортиқча расмиятчиликларнинг олди олинди. Ҳозирда фермерларимиз мониторинг марказига келиб, ўзларига белгиланган меъёр бўйича ёқилғи мойлаш материаллари, минерал ўғит ва бошқа турдаги хизматлар учун тўловларни электрон тизим яъни смарт карталар орқали амалга оширмоқдалар. Бу эса ўз навбатида моддий техник ресурслардан оқилона фойдаланилишига олиб келади”, деб жавоб беради мутасадди раҳбар. 

Маълумотда ёзилишича, холдинг компания биносида Республика Штаби ташкил этилган. У ерда республикадаги мавжуд вазият тўғридан-тўғри назорат қилиниб, олинган кунлик натижалар таҳлил этилмоқда, ҳудудий марказларга аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли тавсиялар берилмоқда.

Top