16:36 / 04.06.2016
9506

Польшанинг собиқ президентлари: Ажратилган ва заиф Европа бу кетишда музейга айланиши мумкин

Польшанинг собиқ президентлари Лех Валенса, Александр Квасьневский ва Бронислав Коморовский 4 июнь куни Европа мамлакатларига мурожаат қилиб, уларни бирдамликни сақлаб қолишга чақирди. TVN24 маҳаллий телекананли ушбу хатдан парча келтирди.

"Фақат бирлашган ва интеграциялашган Европада замонавий дунёда содир бўлаётган мураккаб жараёнларда иштирок этиш имкони мавжуд. Бир ўзимиз пароканда бўлиб, алоҳида ҳаракат қилсак, биз тараққиёт ва умид қитъаси эмас, очиқ осмон остидаги музейга айланамиз", - дея таъкидлашди собиқ раҳбарлар. 

"Европа ўз кучига ишончини йўқотаётганлиги бизни хавотирга солмоқда, жамиятда бегоналар олдида қўрқув ҳисси пайдо бўлмоқда. Одамлар, айниқса ёшлар ўз келажаги ва хавфсизлигидан чўчишмоқда, империалистик Россия томонидан ҳарбий агрессия шарпаси қайтмоқда. Барбод қилинган деворлар ўрнида янгилари қад кўтармоқда", - дея фикр билдиришди Польшанинг собиқ етакчилари. 

"Европа бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги хавф остида. Фуқароларнинг хавотирларидан миллатчи сиёсатчилар фойдаланишмоқда. Ҳукумат тепасига қуруқ ваъда берувчи партиялар келмоқда", - дейилган мурожаатда, шу билан бирга собиқ президентлар европаликларни "уйғонишга" ва "умумий Европа қадриятларини ҳимоя қилишга" даъват этишди. 

Шу муносабат билан Варшава ва Польшанинг бир қатор шаҳарларида 4 июнь куни Демократия мудофаа қўмитаси томонидан ташкиллаштирилган оммавий намойишлар уюштирилмоқда. Бу акцияларга мамлакатнинг кўплаб мухолифат кучлари, машҳур сиёсатчилар ва республиканинг собиқ президентлари қўшилишмоқда.

Top