14:05 / 20.06.2016
20143

Forbes: Россия аҳолиси учун Туркия ва Мисрнинг ўрнини босувчи 10та янги дам олиш маскани рўйхати

Бу йилги ёз мавсумида россияликлар ўзлари учун  севимли бўлиб қолган Синай ва Туркияга бора олишмайди. 

Бироқ дунёда булардан ташқари яна кўп масканлар борки, у ерларда денгиз бўйида, қуёш остида, экскурсияларга чиқиб ҳордиқ чиқариш кишига завқ бағишлайди. Forbes журнали  RoomGuru билан ҳамкорликда бу ёзда дам олиш мумкин бўлган ўнта йўналиш рўйхатини тузди. 

*Нархлар июль ойи ўртасига икки кишига мўлжалланган бўлиб, меҳмонхонада 7 кунлик дам олиш ҳисобидан келиб чиқиб кўрсатилган (нонушта билан бирга).

1. Ленкорань, Озарбайжон
Йўлланма баҳоси: 50 900 рубль
Озарбайжоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Ленкорань Каспий денгизи қирғоғида жойлашган. Сайёҳлар қадимий порт шаҳарнинг Ленкорань қалъаси ва Мираҳмад Хоннинг уйини зиёрат қилишлари мумкин. Соҳилда ҳордиқ чиқаришни севувчилар учун яхши хабар - бу ерда даволовчи хислатга эга, вулқонли келиб чиқишга эга бўлган қора қум бўлиб, зиёратчилар даволовчи комплексларда соғломлаштириш жараёнларидан ўтишлари мумкин. 

2. Бостери, Иссиқкўл, Қирғизистон
Йўлланма баҳоси: 68 700 рубль
Бостери - Иссиқкўл қирғоғидаги курорт шаҳарча бўлиб, у "қирғиз Байкали" ҳисобланади. Иссиқкўл - минерал сув ва даволовчи лойга бой саломатлик манбаи. Зерикарли санаторийлардан фарқли ўлароқ, Бостери ҳар қандай дидга мос келувчи таклифларга тўла: тоғ экскурсияси, дарёда сузиш ёки кўл бўйлаб яхтада сайр қилиш; экстримсеварлар трекинг ёки альпинизм билан шуғулланишлари мумкин.

3. Варна, Болгария
Йўлланма баҳоси: 63 500 рубль
Руминия чегараси яқинида жойлашган Варна порт шаҳрини кўпинча Болгариянинг иккинчи пойтахти деб аташади. Шаҳарда кўплаб маданий ва тарихий обидалар бор, шунингдек бу ернинг инфратузилмаси яхши ривожланган. Шу боис бу ерда дам олиш билан бирга қўшимча билимга эга бўлиш ҳам мумкин. Меҳмонларга Велико Тирново сарой-қалъасига экскурсия қилиш тавсия қилинади. 

4. Будва, Черногория
Будва денгизбўйи курорти - Черногориянинг асосий сайёҳлик маркази ҳисобланади. Сайёҳлик мавсумида шаҳар деярли ухламайди: ресторанлар, барлар, дискотекалар, казино ва теннис кортлари куннинг исталган вақтида меҳмонлар хизматига тайёр. Сайёҳларга кўплаб диққатга сазовор обидаларни ўзида мужассам қилган Эски шаҳарни зиёрат қилиш, Европанинг энг кўркам шаҳарларидан бири ҳисобланган Дубровникда бўлиш тавсия этилади.

5. Санья, Хайнань ороли, Хитой
Йўлланма баҳоси: 133 600 рубль
Хайнань оролида жойлашган Санья курорти "Шарқ Ҳавайиси" ҳисобланади. Бу ерга ташриф буюрган сайёҳлар дам олиш билан бирга соғломлаштириш муолажаларини уйғунлаштиришга ҳаракат қилишади, зеро Хитой халқ табобати кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган. Саньяда гольф, сув чанғиси, серфинг, дайвинг каби кўнгилочар машғулотлар билан шуғулланиш мумкин. Кечки оқшомни эса «Sanya Romance Park»да ўтказиб, «The Legend of Romance» цирк шоусидан баҳраманд бўлиш тавсия қилинади.

6. Ханья, Крит ороли, Греция
Йўлланма баҳоси: 76 000 рубль
Ханья шаҳри Ўрта Ер денгизининг энг йирик портларидан бири бўлиб, ажиб гўзаллиги туфайли "Жанубий Венеция" номини олган. Бу ерга келган сайёҳлар Венеция бандаргоҳи жойлашган эски шаҳарга ҳамда Ираклионга экскурсия уюштириб, завқ олишади. 

7. Алгарве, Португалия
Жанубий Португалиядаги Алгарве минтақаси 150 километр масофага чўзилган қояли ва саёз соҳиллардан иборат. Бу маскан сувнинг юқори сифати, тозалиги ва соҳилларининг хавфсизилиги билан танилган. Шу билан бирга бу ерга келган меҳмонлар Севильяни томоша қилиб, коррида ва фламенкодан баҳраманд бўлишлари мумкин. 

8. Ла-Боль, Франция
Йўлланма баҳоси: 95 900 рубль
Франциянинг Ла-Боль денгиз курорти океан ва туз ботқоқликлари орасида жойлашган. Ла-Боль ҳашаматли меҳмонхоналар ва виллаларга тўла. Дам олиш маскани ўзининг узоқ қумли соҳиллари билан машҳур: улардан бири 10 километр масофага эга бўлиб, у халқ орасида "Севги қирғоғи" деб юритилади. Қўшни курорт шаҳарчада эса "Ле-Круазик" океанариуми мавжуд.

9. Кастильончелло, Италия
Йўлланма баҳоси: 106 500 рубль
Кастильончелло - Тирен денгизи яқинида жойлашган кичик итальян шаҳри. Парусли спорт тури, дайвинг, балиқ ови, серфинг ва яхтада сайр қилишга қизиқувчилар учун бу маскан айни муддаодир. Шунингдек сайёҳлар Пизага ташриф буюриб, у ердаги машҳур "қулаётган" минорани кўришлари мумкин. 

10. Вилласимиус, Сардиния ороли, Италия
Йўлланма баҳоси: 108 000 рубль
Бу ердаги сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифати юқори даражада: тоза соҳиллар, тунги клублар, ресторан ва барлар туну кун меҳмонлар хизматига шай. Экскурсиялардан Ўрта аср обидаларини сақлаб қолган Кальярига саёҳат таклиф қилинади.

Top