17:52 / 21.06.2016
6926

Британиянинг BP компанияси дунё нефть захираларига оид йиллик ҳисоботини эълон қилди

ВР компаниясининг "Энергетика соҳаси ҳақида умумий маълумот-2016" ҳисоботида келтирилган маълумотларга кўра, Венесуэла исботланган нефть захираси бўйича дунёда биринчи ўринда (300,9 млрд баррель) туради. Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳудудида 266,6 млрд баррель нефть борлиги таъкидланса, Канаданинг бу борадаги кўрсаткичи 172,2 млрд баррелга тенг. 

Эрон, Ироқ, Россия ва Қувайтнинг нефть бойлиги тегишли равишда 157,8 млрд, 143,1 млрд, 102,4 млрд ва 101,5 млрд баррель атрофида. АҚШ нефть конларида 55 млрд баррель, Хитойда 18,5 млрд баррель қора олтин қазиб олиш мумкин. 

Ҳисоботга биноан, 2015 йил охиригача, Қозоғистонда исботланган нефть конлари 30 млрд баррелга тенглиги таъкидланган. Бу борада, Озарбойжонда 7 млрд баррель нефть борлиги ҳақида сўз юритилса, Ўзбекистон ва Туркманистон захираси 0,6 млрд баррелга тенглиги айтилган.

Шу билан бирга, ҳисоботга кўра, Россия, АҚШ ҳамда Саудия подшоҳлиги нефть қазиб олувчи етакчи мамлакатлар саналади. 

Аммо, нефть истеъмоли борасида АҚШ ва Хитой давлатлари олдига тушадигани йўқ. Уларда тегишли равишда 19 396 минг ва 11 968 минг баррель нефтдан фойдаланилади. 

Ўзбекистонда бир кунда 59 минг баррель нефть ва нефть маҳсулоти ишлатилади.

Top