14:05 / 24.06.2016
36477

Каримов: Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга қабул қилиниши бўйича музокаралар оғир кечди

Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга қабул қилиниши бўйича музокаралар мураккаб кечган. Лекин якунда қийинчиликлар енгиб ўтилган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ташкилот аъзоларининг тор доирадаги учрашуви вақтида маълум қилган.

Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ таркибига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиниши янги ташкилотда янги даврни бошлаб беради.

"Яширмайман, музокаралар жараёни ўзига яраша қийин бўлди. Буни тан олиш керак. Аммо якунда биз барча қийинчиликларни енгиб ўтдик ва ШҲТ стратегик мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ягона фикрга келдик", деган Ислом Каримов.

Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга қабул қилиниши бўйича жараён 2015 йилда ишга тушганди. Айни вақтда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон  ва Ўзбекистон ташкилот аъзолари ҳисобланишади. Беларусь, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон кузатувчи мақомига эга. 

Top