23:15 / 29.06.2016
8012

Ислом Каримов хориж давлатларининг Ўзбекистондаги янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 29 июнь куни Оқсаройда Польша Республикаси, Венгрия Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Корея Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Петр Ивашкевич, Петер Санто, Ерик Утембаев, Содиқ Имомий, Квон Ён У, Сайид Шаҳобиддин Темурийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Давлатимиз раҳбари Европа ва Осиё дипломатик миссиялари раҳбарларини самимий қутлар экан, Ўзбекистон ушбу давлатлар билан ўзаро муносабатларни изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришини таъкидлади ва уларнинг масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади. 

Польша элчиси билан учрашувда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганидан буён ўтган 24 йил давомида кўп қиррали ва самарали мулоқот йўлга қўйилиб, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик бўйича ижобий тажриба тўплангани ва ҳамкорликнинг қарийб 50 ҳужжатдан иборат салмоқли шартномавий-ҳуқуқий асоси шакллангани таъкидланди.  

Венгрия элчиси билан суҳбатда Ўзбекистонда Венгрияга мамлакатимизнинг Шарқий Европа ва умуман, Европа иттифоқидаги анъанавий ва муҳим шериги сифатида қаралиши қайд этилди.  

Ерик Утембаев билан суҳбатда Ўзбекистон ва Қозоғистон мустақилликка эришганидан буён ўтган 25 йил давомида мамлакатларимиз ва халқларимизнинг узоқ муддатли умумий манфаатларига асосланган ҳамкорликнинг янги даражасига эришилгани таъкидланди. 

Тожикистон элчиси билан учрашувда ўзбек ва тожик халқларининг тақдирини умумий тарих, маънавий қадрият ва анъаналар боғлаб туриши таъкидланди. Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ саммити асносида Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртасида ўтказилган учрашув ҳамда унда эришилган келишувлар Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.  

Корея Республикаси элчиси билан суҳбатда Жанубий Кореянинг Бош вазири Хван Гё Аннинг яқинда Ўзбекистонга келгани ва 21 май куни кенг кўламли қўшма лойиҳа – Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши якунлангани ва унинг расмий очилишига бағишлаб ўтказилган маросим мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлгани таъкидланди.  

Афғонистон элчиси билан учрашувда кўп асрлик яқин қўшничилик ва бир-бирига ёрдам бериш анъаналари Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкам асоси экани қайд этилди.  

Президентимизнинг хорижий давлатлар элчилари билан суҳбати чоғида минтақавий ва халқаро сиёсатга доир долзарб масалалар ҳам муҳокама этилди.

Top