16:41 / 01.07.2016
4155

Америкалик ультра-марафончи 525 километрлик масофани югуришни Тошкентда бошлади

Америкалик ультра-марафончи Дин Карнасис бугун Буюк ипак йўли бўйлаб югуриш мақсадида Ўзбекистонга етиб келди ва Ўрта Осиёдаги 3 мамлакат бўйлаб ўтадиган 525 километрлик масофани югуришни Тошкентда бошлади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

1 июль куни америкалик машҳур ультрамарафон спорт устаси Дин Карнэзес иштирокида Марказий Осиёнинг 3 давлати (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон) бўйлаб марафон югуришига старт берилди.

Ушбу марафон Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги кўркам “Минор масжиди” комплекси олдида ташкил этилди.

Ҳақиқий байрамона руҳда ташкил этилган марафоннинг очилиш маросимида АҚШнинг Ўзбекистондаги Элчиси Памела Спратлен сўзга чиқиб, ушбу марафон Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланганини айтиб ўтди. Памела хоним Дин Карнэзесга Буюк Ипак йўли бўйлаб 525км.ни ташкил этувчи (Тошкентдан Қозоғистон ва Қирғизистонгача) югуриши олдидан оқ йўл тилади. Шундан сўнг сўзга чиққан Дин Карнэзес Ўзбекистонни жуда мехмондўстлигини ва шаҳарнинг гўзал масканлари бўйлаб ўтишидан мамнунлигини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциациясининг терма жамоа аъзолари ва Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари Дин Карнэзесни Қозоғистон чегарасигача ҳамроҳликда югуриб кузатиб қўйишди.

Top