22:18 / 02.07.2016
6245

Елизавета II шотландияликларни қийинчилик шароитида хотиржамлик сақлашга чақирди

Буюк Британия қироличаси Елизавета II Шотландия парламентида чиқиш қилди. У ўз нутқида дунёдаги ўзгаришлар туфайли юзага келаётган қийинчиликлар даврида хотиржамликни сақлашга чақирган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар тарқатган.

Қайд этилишича, Шотландия парламентининг бешинчи сессияси очилишида қиролича мамлакатнинг ЕИни тарк этиши билан боғлиқ референдумни эсга олмаган.

"Биз барчамиз тезлик билан ривожланиб бораётган дунёда яшамоқдамиз ва иш олиб бормоқдамиз. Биз бу шароитда хотиржамликни сақлаб қолишимиз ва эҳтимолий қийинчиликларга тайёр туришимиз керак бўлади", деган Елизавета II.

Бундан олдинроқ қиролича Шимолий Ирландияга ташрифи вақтида "ҳали тириклиги" ҳақида айтиб ҳазиллашганди.

23 июнь куни Буюк Британиянинг ЕИни тарк этиши бўйича референдум ўтказилди. Унда Brexit тарафдорлари 51,9 фоизлик овоз билан ғалаба қилишди. Англия ва Уэльс аҳолисининг катта қисми Brexit учун овоз берган бўлса, Шимолий Ирландия ва Шотландияда аксинча ҳолат кузатилди. Шундан бу мамлакатлар Буюк Британиядан ажралиб чиқиш ҳақида гапирила бошланди.

Top