15:52 / 02.07.2016
32570

Сеҳрли кеча шарофати: умидлар ушалган кун

1. − Худо хайрингизни берсин, бир хамирлик ун олиб келинг, рўзамизни қизлар билан нонсиз, ярим косадан сут ичиб тутдик. Ифторликка нон қилай, ун топиб келинг!

− Тутган рўзангни менга миннат қилма! Тутган бўлсанг, ўзинг учун тутибсан. Сиз рўза эмассиз, демоқчисан-да? 

− Ҳеч ҳам ундай демоқчи эмасман, дадаси, бир кун инсоф берса, рўзани ҳам тутарсиз, намозни ҳам ўқирсиз, эл қатори масжидга ҳам чиқарсиз, − деди ишга бориш учун китоб-дафтарлари солинган сумкасини қўлига олган Муқаддас. – Ишдан келгунимча ун олиб келсангиз, нон ёпардим, бирор хамир овқат ҳам қилардим. Қизлар нонсиз рўза тутишаяпти, чарчаб қолишмасин, дейман-да.

− Чарчаса, тутмасин! – ўшқирди Рўзибой. – Ким қўйибди муштдек қизларингга рўза тутишни? Ҳов, олтмишга кирса, тутади ҳали.

− Ўзингиз рўза ойида туғилганингиз учун исмингизи Рўзибой қўйишган-у, бу ойнинг ҳурматини қилмайсиз-да, дадаси, − деди Муқаддас эшикдан чиқар экан. – Олтмишгача ким бор, ким йўқ. Олтмишдан ошасан деган ҳужжатингиз борми ёки?

− Сен гапга ўқигансан, бор, ишингга жўна, бошимни оғритиб юбординг! – деди Рўзибой юзига кўрпани тортиб. – Мен пича мизғиб олай, бошим оғрияпти.

− Рамазон демай, рўза демай, тонг отгунча улфатлар билан ароқхўрлик қилган одамнинг боши тарсиллаб ёрилиб кетмаганига мен ҳайрон, − деди Муқаддас дарвозага қараб юраркан.

Рўзибой унинг сўзларини эшитмаслик учун кўрпага бурканиб олди.

2.Муқаддас мактабдан келиб, энг аввал эрини суриштирди:

− Фарангиз, даданг келмадими?

− Пешингача ухладилар, − жавоб берди Фарангиз. – Сўнг туриб, ейишга бир нима тополмай, сўкиниб чиқиб кетдилар.

− Ифторликка нима қиламиз, ая? – сўради Меҳрангиз. – Уйда ҳеч нима йўқ.

− Биламан, сен ҳам юрагимни эзма, − деди Муқаддас. – Шу бугун ойлигимизни беришар, дегандим, афсус, кейинги ҳафтада ҳам ойлик бўлмас эмиш. Нима қилсак экан?

− Тоғамдан ёрдам сўрасак-чи, ая? – деди Фарангиз.

− Уят, қизим, тоғанг бўлса ҳам бир беради, икки беради, унинг ҳам бир этак боласи бор, − деди Муқаддас. – Шусиз ҳам икки-уч марта пул сўраб бордиларинг. Энди уяламан. Даданг келсин-чи, тайинлагандим, ун олиб келар. Олиб келса, нон ҳам ёпамиз, бирор овқат ҳам қилармиз. 

Тушдан кейин ўқийдиган Сарвара чопиб ҳовлига кирди: 
− Дадам келаяптилар, − деди ҳовлиқиб. – Аммо гандираклаб келаяптилар.

Гандираклаб келгани ҳам майли, ичкарига кириб, кўзига кўринган челак борми, тоғора борми, даранглатиб, тепиб келди, Рўзибой.

− Ҳа, нима? – ҳиққиллади Рўзибой. – Нега кўзингни олайтирасан? Ҳа, ичдим. Жўралар қўймади, ичдим-да. 

− Уялмайсизми? – деди Муқаддас. – Ахир бугун энг улуғ кеча – Лайлатул қадр. Одамлар бу тунни йил давомида интиқ кутади. Тайёрланади. Сизнинг аҳволингизни қаранг!

− Ўша тилло лайлагингни ўзинг ушлаб олавер! – кўзини йириб қаради Рўзибой. – Мен тиллонгдан ҳам, лайлагингдан ҳам безорман!

− Ҳа, сизга ароқ бўлса, ароқхўр жўраларингиз бўлса, бўлгани, − деди Муқаддас. – Бир хамирлик ун сўраган эдим, ноинсоф?

− Унга пул йўқ, − деди ўз хонасига йўл олган Рўзибой.

− Ароққа пул бор-у, унга пул топилмайди-я? – ўтириб қолди Муқаддас. – Ер ютсин ўша ароқни! Ергина ютсин ўша ароқ сотадиган дўконни! Ер ютмаса рози эмасман, ўша ароқни ишлаб чиқарганни-ю, уни сотганни ҳам!

Муқаддас қизларига нима дейишни билмай, ҳадемай, ифторлик чоғида нима едиришни билмай, иложсизликдан, хорликдан изиллаб йиғлаб юборди.

− Аяжон, йиғламанг! – уни қучоқлаб олди Фарангиз. – Бу кунлар ҳам ўтиб кетар.

− Қачон? Қачон ўтиб кетади, қизим? – баттар уввос тортди Муқаддас. – Ўтиб кетар, ўтиб кетар, деб қирққа кирдим, қизим. Бу дадангга инсоф берар, инсоф берар, деб шу пиёниста билан ўн саккиз йиллик умримни хазон қилдим. Бу нима аҳвол? Шундай улуғ кечада, ҳаммангиз интиқ кутган кечада уйимизда бир бурда нон бўлмаса? Бир сўм пул бўлмаса.

− Аяжон, менда пул бор, − деди Сарвара. – Мана, мактабдан келаётганимда тоғам бердилар. Беш минг сўм.

− Менда ҳам минг сўм бор, − деди Фарангиз чўнтагини кавлаб.

− Менда беш юз сўм бор, − деди аясига пул узатган Меҳрангиз.

− Эҳ-ҳе, бой бўлиб кетибмиз-ку? – аянчли табассум қилди Муқаддас. – Бозорни кўчириб келсак бўлади бу пулга. Анора сенда ҳам пул бордир?

− Иъ-иъ, − деди ҳали боғчага борадиган Анора. – Дадам менга пул беймадила.

3.Муқаддас ҳаммаси бўлиб ўн минг сўмга бормайдиган “хазина”сини маҳкам чангаллаб, бозор айланди. Иккита ноннинг ўзи уч минг сўм бўлди. Қолган пулга бешовига бешта “Ролтон” олмоқчи ҳам бўлди. “Ролтон” ўлгур бир марта ейишга етади, сабзавот олсам, икки-уч марта овқат қиламан”, деб ўйлаб, сабзавотлар сотиладиган пештахталарга қараб бурилди.

− Картошка неча пул? – сўради сотувчидан.

− Бир ярим минг сўмдан, − жавоб берди сотувчи.

− Манави, майдалари-чи? – ийманибгина сўради Муқаддас.

− Майдаси минг сўмдан.

− Сабзилар неча пулдан, пиёз-чи?

− Сабзи, пиёзларнинг ҳам майдасининг нархини айтаверайми? – деди сотувчи чимирилиб. 

Муқаддас ўзининг аҳволидан ўзининг хўрлиги келди.
− Керак эмас! – нари кетди Муқаддас.
Бир неча сабзовот сотувчилардан нарх-навони суриштириб, бозордаги энг майда картошка, пиёз, сабзилардан икки килодан сотиб олди. Қараса, беш юз сўм ортиб ҳам қолибди. Анорага битта музқаймоқ ҳам олди.

4.− Ана, бугун қандай кун эканини биласизлар-ку? – деди ҳовлига кириб келган Муқаддас. – Бугун ҳамма нарсага барака инган. Сизлар йиғиб берган пулда ҳам барака бор экан, қаранглар, шу-унча нарса олиб келдим. Анорага музқаймоқ ҳам олдим.
− Уй-йе! – деб юборди Анора.

− Ма, маза қилиб еб ол! – музқаймоқни қизчасига узатди Муқаддас. – Бизлар энди ифторликкача сабр қиламиз.

Муқаддас қўлидаги сабзовот солинган сумкани Фарангизга тутқазди.

− Қизим, Меҳрангиз иккалангиз картошка, сабзиларни ювиб, артинглар, гўштсиз бўлса ҳам ўзим сизларга би-ир шўрва қилиб берай.
Қизлар сабзавотларни ювиб, артишди. Муқаддас қозон осди. 

Ифторлик дастурхони камтарона бўлса-да,  Муқаддас билан қизларининг кайфиятлари яхши эди. Улар бугунги ифторлик лаҳзаларини неча кундан бери интиқ кутишарди. Муқаддас қизларига “Қадр кечаси” нима ниятларинг бўлса, айтинглар, ҳаммаси ижобат бўлади”,  деб ўргатгани учун қизлари бор ниятларини ифторлик чоғи айтамиз, деб тайёрланиб юришарди.

Ниҳоят, ифторлик пайти ҳам етиб келди. Бир пиёла сувни олдига қўйган Муқаддас қўлларини дуога очди:
− Аллоҳим, майли, ўғил бермадинг, энди қизларимнинг бахтини бер! Яхши жойлардан иймон, инсофли куёвларни ато эт! Илоё, қизларимни мендек хор қилиб қўйма! Улар хорликни кўрмасин!

− Илоё, аяжонимнинг умрини узун қил! – дуо қилди Фарангиз. – Дадамизга инсоф бер!

− Илоё, хонадонимизга барака бер, − дуо қилди Меҳрангиз. – Тотувликни бер!

− Илоё, аяжонимнинг ҳам пуллари кўп бўлиб кетсин! – бу Сарваранинг дуоси эди.

− Сен ҳам дуо қил! – деди Фарангиз Анорага.

− Моёжна кўп бўсин! – деди Анора.

− Ҳаммамизга етсин, де, − кулди Муқаддас.

Ифторлик қилишди. Муқаддас Фарангиз ва Меҳрангиз билан бирга шом намозини ўқиб, узоқ дуо қилди. Йиғлаб-йиғлаб дуо қилди. Сўнг ўрнидан туриб, кўзларини артди-да, Фарангизга ўгирилди.

− Бор, дадангни ҳам уйғотиб чиқ, овқатни сузамиз!

Муқаддас ҳаммага овқат сузди. Рўзибой ҳам пишиллаб чиқиб, дастурхон атрофига ўтирди. Косани қошиқ билан бир-икки кавлаб кўриб, афтини жийирди.
− Гўшти йўқ-ку? Шуям шўрвами энди?

Рўзибой қошиқни зарда билан дастурхонга ташлади-да, ўрнидан туриб, яна кўчага чиқиб кетди.

5.Муқаддас қизлари билан бирга хуфтон намозини ҳам ўқиди. Сарвара билан Анорани ўрнига ётқизиб, улар ухлагач, яна жойнамозини тўшади. Икки ракаат нафл намоз ўқиди. Икки тарафга салом бериб, қараса, Фарангиз билан Меҳрангиз ҳам унинг ортида жойнамоз устида ўтиришибди.

− Ўзингга шукур, шундай ақлли қизларни бериб қўйганингга ҳам шукур! – пичирлади Муқаддас.

“Тафсири ҳилол” китобини олиб келиб, бирор соатча китоб ўқиди. Қизлари диққат билан қулоқ солишди. 

− Агар уйқуларинг келса, сизлар ётиб ухланглар, − деди Муқаддас қизларига. – Биласизлар, мен бу кеча ухламайман. Бу кеча сир-синоатларга тўла кеча. Бугун ухламай, ибодат қилиб чиққан, китоб ўқиб, дуо қилиб чиққан бандасига Аллоҳ барча тилаганларини беради. “Бу кечада сизлар сўраб, чарчаб кетасизлар, аммо мен бериб, чарчамайман”, дер экан. Менинг Ўзидан сўрайдиганларим бор.
− Аяжон, бизларнинг ҳам сўрайдиганларимиз бор, − деди Фарангиз. – Бу кеча биз ҳам сизнинг ёнингизда ухламасдан тонг оттирамиз. Зора, оиламизга яхши кунлар келса.
− Айланай ўзимнинг ақлли қизларимдан, − қизларининг бошини сийпалади Муқаддас. – келинглар, бўлмаса, биргалашиб, дуо қиламиз!

− Фақат йиғламасдан дуо қилинг-да, аяжон, − деди Меҳрангиз. – Йиғласангиз, бизлар ҳам хафа бўлиб қоламиз.

− Йўқ, бу кеча йиғламайман, − деди Муқаддас. – Бу кеча сизларнинг ҳақингизга дуо қиламан.

Муқаддас дуога қўл очди. Унга қизлари ҳам қўшилди.

− Аллоҳим, Фарангиз қизим бу йил университетга кирмоқчи, омадини бер! Ўзимдек сидқидилдан халққа хизмат қиладиган ўқитувчи бўлсин! Меҳрангиз лицейга киради. Унинг ҳам ўқишларига омад бер! Лицейда яхши ўқиб, келажакда у ҳам олий ўқув юртига ўқишга кирсин! У ҳам элимизга, юртимизга нафи тегадиган инсон бўлсин! Аллоҳим, Сарвара қизим ҳам мактабда аълочи. Унинг ҳам ўқишларига омад бер! У ҳам опаларининг ортидан бориб, мактабни аъло баҳоларга битириб, яхши инсон бўлсин! Аллоҳим, Анора қизимни ўз паноҳингда сақла, соғ-саломат катта бўлишини насиб эт! Аллоҳим, болаларимнинг дадасига ҳам инсоф бер! Ичишни ташлаб, бошқалардек, намоз-ниёзни ўргансин! Ўзингга ибодат қилишни ўргансин! Ичмаса, қўлида гулдек ҳунари бор, билмадим, қайси гўрдан орттирди бу ароқхўр улфатларни? Ўзинг хўжайинимни ёмонлардан йироқ қил! Яхшиларга ёндаштиргин!

6.Тун ярмидан оққанда китоб ўқиб, ибратли ҳикояларни бир-бирига сўзлаб ўтирган она-болаларнинг тинчини ҳовлида нимнингдир даранглатиб тепилган овози бузди.

− Даданг келди, шекилли, мен чиқиб қарайман, − деди Муқаддас. – Сизлар ўз ишларингиз билан машғул бўлинглар, чалғиманглар. Фарангиз сен “Қадр” сурасини синглингга яна бир марта ўқиб бериб, маъноларини тушунтириб бер. Мен унгача дадангни ўрнига ётқизиб келаман.

Муқаддас шошиб ҳовлига чиқди. Эшик олдида чайқалиб турган эрини кўриб, кайфияти бузилди.

− Вой-вой-ей, нима балони ичиб келдингиз, дадаси, ҳидига тоқат қилиб бўлмайди-ку? – деди Муқаддас кафтини силкитаркан, бурни олдидан бадбўй ҳидни бўлиб.

− Сенинг ишинг бўлмасин! – деди Рўзибой ғўлдираб. – Самандар қўлбола вино қилган экан, шуни ичдик.

− Қадр кечаси-я, дадаси, Қадр кечаси, − эрини суяб, ичкарига бошлади Муқаддас. – Бутун дунёда мусулмонлар бу тунни бедор бўлиб, ибодат билан, дуо билан ўтказишаяпти. Сизнинг юришингизни қаранг?

− Биз ҳам ухлаганимиз йўқ-ку? – пихиллади Рўзибой. – Вино тугаб қолмаса, биз ҳам эрталабгача ўтирардик.

− Сиз билан гаплашиб одам барака топмайди, − деди Муқаддас Рўзибойни ўрнига ётқизиб. – Эрталабгача ичиб чиққандан кўра, ухлаганингиз ҳам яхши, гуноҳингиз камроқ бўлади. Ётиб ухланг!

− Бу ёққа кел! – Рўзибой Муқаддаснинг кўйлаги этагидан тортди. – Истасанг, ухламай чиқишимиз мумкин.

− Бас қилинг! – деди Муқаддас қаҳр билан. – Қизлар Қуръон ўқиб ўтиришибди. Сиз ўз қизларингиздан ўрнак олсангиз яхши бўларди. 

− Бор, бор, ибодат қил! – пишқирди Рўзибой. – Ўзингга битта ўғил ҳам сўра!

Муқаддас бир нималар демоқчи бўлиб, бироз тикилиб турди-ю, “Одамнинг ҳар бало бўлгани яхши”, деб хонадан чиқиб кетди.

7.Бомдодни ўқиганларидан сўнг, бугун якшанба бўлганидан бироз ухлаб олиш учун ётган Муқаддас чошгоҳгача ухлаб қолибди. Туриб, юз-қўлини ювиб, қизларини ахтарди. Уларнинг овози ошхонадан келаётганини сезиб, шу ёққа қараб юрди.

Ошхонага кириб, ҳайратдан оғзи очилиб қолди. Фарангиз ва Меҳрангиз қиймалагичдан гўшт чиқариб, чучвара букишар, Сарвара сархил меваларни каттакон идишга териш билан банд эди. Бурчакда бир қоп катта-катта картошка, бир қоп тиллодай товланиб турган пиёз, бир қоп сабзи, бир неча қутиларда сархил мевалар, тўртта беш литрлик идишда кунгабоқар ёғи турарди. Стол устида беш килоча келадиган лаҳм гўшт ётарди.

− Тушимми ўнгимми? – деди юборди Муқаддас. – Бунча нарса қаердан келди?

− Сиз совутгични очиб қаранг! – деди Сарвара.

Муқаддас совутгични очиб, дод деб юборишига озгина қолди. У совутгичлари охирги марта қачон ҳозиргидек тўла бўлганини унутиб ҳам юборган эди. Совутгич токчаларида сарёғ, пишлоқлар, тухумлар, ширинликлар, ҳар хил идишдаги шарбатлар, салқин ичимликлар терилиб турарди. Битта токчаси эса тўла музқаймоқ эди...

− Биронтанг тушунтириб берсанг-чи! – деди стулга ўтириб қолган Муқаддас. – Ҳозир менинг эсим оғиб қолади.
Фарангиз битта хатни олиб, Муқаддаснинг қўлига тутқазди.

− Аяжон, кечаси билан қилган дуоларингиз ижобат бўлди, − деди Фарангиз. − Битта каттакон юк машинада бу нарсаларни олиб келган амакиларнинг ўзлари буларни ошхонамизга жойлаштириб кетишди. Битта елимхалтанинг ичида кўп пул билан шу хат ҳам бор экан.

− Айниқса, Аноранинг дуоси мустажоб бўлибди-да, − деди Муқаддас маъюс бўлиб ва хатни очиб, ўқий бошлади: − “Ассалому алайкум, устоз. Мен сизнинг илк ўқитган шогирдларингиздан бириман. Сиз берган таълим-тарбиянгизнинг шарофати билан бугун катта бир корхонанинг раҳбариман. Кеча “Қадр кечаси” бўлгани учун бир йиллик закотимни ўз яқинларимдан кимгадир бериш учун келган эдим. Бозорга кириб, тасодифан сизни кўриб қолдим. Қандай бозорлик қилаётганингизни кўриб, юрагим эзилиб кетди. Устоз, мени кечиринг! Мен сизнинг аҳволингиздан хабардор бўлмаганим учун кечиринг! Аммо сизни кўрганим яхши бўлди. Закотимни кимга беришни Аллоҳ менга кўрсатди. Ушбу нарсаларни бир шогирдингизнинг закоти ўрнида қабул қилинг! Ўтинаман, вақтида сиздан хабар олмаган шогирдингизни кечиринг!”

Муқаддаснинг юзларини кўз ёшлари ювиб тушарди.

− Ўзингга шукур, Аллоҳим, ўзингга шукур! – пичирлади Муқаддас. – Менинг ўғлим йўқ эмас. Менинг ўғилларим кўп. Жуда ҳам кўп!
Тамом.

 

P.S: Ушбу ҳикоя Qadriyat.uz сайти томонидан эълон қилинган "Энг ибратли ҳикоялар" танловига юборилган. Муаллиф: Каримберди Тўрамуродов.

Top