18:09 / 07.07.2016
4614

Дания британияликларнинг Ироқ уруши бўйича ҳисоботидан кейин ўз текширувларини давом эттириши мумкин

Дания ҳукумати мамлакат ҳарбийларининг 2003 — 2009 йиллар давомида Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани бўйича текширувларни давом эттиради. Бу ҳақда парламент депутати Пелле Драгстедга асосланиб Sputnik хабар тарқатган.

Бу маълумот Буюк Британияда АҚШ ва Бирлашган қиролликнинг Яқин Шарқдаги бу мамлакатга бостириб киргани бўйича ҳисобот эълон қилингач пайдо бўлди.

Чоршанба куни Дэвид Кэмероннинг тергов комиссияси раиси Жон Чилкот бошчилигида тайёрланган Ироқ уруши ҳақидаги ҳисобот чоп этилди.

Комиссия ўша вақтда лейбористлардан мамлакат бош вазири бўлган Тони Блэр ҳукумати урушга қўшилиб хато қилган деган хулосага келди.

Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда Даниянинг иштироки бўйича худди шунга ўхшаш текширув 2012 йили Данияда ҳам бошланган, лекин 2015 йилнинг ёзида мамлакатнинг янги ҳукумати уни тўхтатганди. 

"Британияликларнинг ҳисоботи Дания ҳукуматини текширувларни тиклашга ундаши мумкин", — деган Драгстед.

Унинг сўзларига кўра, ҳисобот Британия билан бирга Дания ҳам "асоссиз равишда урушга киргани"га ишора қилади". Шунингдек, даниялик сиёсатчининг фикрича, Ироққа ташқи кучларнинг кириши Яқин Шарқда, хусусан Ироқ ва Сурияда хаос келтириб чиқарган.

Top