18:22 / 10.07.2016
6014

Кашмирдаги тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 16 нафар, 200га яқин киши жароҳатланди

Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида рўй бераётган тўқнашувлар оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди ва 200га яқин киши жароҳатланди. Ҳукумат кучлари "Ҳизб-ул-Мужоҳидин" гуруҳи аъзолари билан тўқнашган. Бу ҳақда NDTV телеканалида маълум қилинган.

Бундан олдинги хабарларда 8 кишининг ўлими ва 100га яқин кишининг жароҳатлангани ҳақида айтилганди.

Радикал гуруҳ фаоли, 21 ёшли Бурҳон Музаффар Вани ва яна 2 айирмачи хавфсизлик кучлари томонидан чоршанба куни ўлдирилганидан кейин намойишлар бошланган. Пайшанба куни Кашмир водийсидаги бир қатор ҳудудларда намойишлар тўлқини юзага келди.

Айирмачилар полиция маҳкамаларига бостириб киришган, этник камчиликни ташкил қилувчи аҳоли вакиларига ҳужум қилишган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси намойишчилар. Шунингдек, 100дан ортиқ полициячи жароҳатланган.

Greater Kashmir нашри маълумотига кўра, жароҳатланганларнинг 70 нафари ўточар қуролдан жабрланган.

Шринагар ҳамда Жамму ва Кашмир штатининг жанубий ҳудудларида комендантлик соати жорий этилган.

Жамму ва Кашмир штати аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар ҳисобланишади. Бу ҳудуддаги аҳолининг асосий қисми Покистонга қўшилиш тарафдори ҳисобланишади.

Top