20:52 / 11.07.2016
18537

Япония ўз армиясига эга бўлиши мумкин

10 июль куни бўлиб ўтган Япониядаги парламент сайловларида бош вазир Синдзо Абэ бошчилигидаги ҳукмрон коалиция ғалабага эришди. Либерал-демократик партия 55, ўнгмарказчи «Комэйто» партияси эса 14 мандат олди. Бу ғалаба Синдзо Абэга қаршиликка учрамасдан иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ва мамлакат конституциясни ўзгартириш бўйича референдум ўтказиш имконини беради. Бу ҳақда The Japan Times хабар тарқатди.

Сайловда давомат 54,7 фоизни ташкил қилди. Бу аввалги сайловдан 2 фоизга кўп. Абэ коалицияси 69 ўриндан 55тасини қўлга киритгач, исталган қонун лойиҳасини қабул қилиши мумкин бўлди.

Овоз беришда илк бор 18—19 ёшли сайловчилар иштирок этди. Улар ўтган йили сайлов ҳақидаги қонунчиликка ўзгартириш киритилгач шундай ҳуқуққа эга бўлди.

Бош вазир ўзининг бош мақсади сифатида "Абэномика" деб аталган иқтисодий сиёсат юритишни айтиб ўтган. Сўровномалар натижаларига кўра, сайловчиларнинг катта қисми айнан шу ғоянинг самарадорлигига ишонч билдирган ҳолда уни қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, Абэда референдум орқали мамлакат конституциясини ўзгартириш имкони мавжуд. Плебисцитлар Япония армияси ташкил этилиши тарафдори ҳисобланади. Токио Хитойнинг ҳарбий қудрати ортиши ҳамда КХДР ракета синовларини ўтказа бориши ортидан зарур чоралар кўришига тўғри келмоқда. Икки қўшни мамлакат билан ҳам Япония тарихан зиддиятларга эга.

Иккинчи жаҳон урушида мағлуб бўлганидан кейин Япониянинг алоҳида армияга эга бўлиши чекланганди. Конституциянинг тўққизинчи моддасида бу қайд этилган.

Япония ҳудудида америкалик ҳарбийлар жойлаштирилган. Улар мамлакат хавфсизлигини таъминлаши кераклиги белгиланган.

Шу билан биргаликда, Японияда ўз-ўзини мудофаа қилиш кучлари мавжуд. Ўз ичига қуруқлик қўшинлари, денгиз кучлари ва авиацияни олувчи бу тузилма таркибида 248 минг киши хизмат қилади. 2015 йилнинг сентябрида парламент бу тузилма кучлари мамлакат ташқарисидаги ҳарбий ҳаракатланиши мумкинлигини тасдиқлаганди.

Top