21:00 / 15.07.2016
9798

Ислом Каримов боксни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун АIBА ордени билан мукофотланди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15 июль куни Оқсаройда Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBА) президенти Чинг-Куо Вуни қабул қилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Чинг-Куо Ву АIBА Ижроия қўмитасининг Тошкентда ўтаётган мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди. Мазкур спорт форуми Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси учун Бразилияда бўладиган Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг якуний босқичи ҳисобланади.

Ўзбекистон раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, АIBА ва унинг раҳбари Чинг-Куо Ву ўзининг муносиб хизмати билан дунёда кенг тарқалган боксни ва, умуман, Олимпия ҳаракатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади. 

2014-2015 йилларда Ўзбекистоннинг барча ёш ва вазн тоифасидаги  чарм қўлқоп усталари турли даражадаги 269 медалга сазовор бўлди. Ўзбекистонда халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақалар ва бокс турнирлари мунтазам ўтказилмоқда. 2015 йилнинг 7-14 июнь кунлари АIBА шафелигида пойтахтимизда ўтказилган бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатида мамлакатимиз спортчилари 7 олтин ва 6 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Оқсаройдаги учрашувда Ўзбекистонда ҳаваскорлик боксини ривожлантириш,  мамлакатимизнинг АIBА билан самарали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентига спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантириш ҳамда оммаллаштириш йўлидаги улкан хизматлари учун, шунингдек, боксни халқаро ва миллий даражада ривожлантириш борасидаги фидокорона меҳнати эътирофи сифатида АIBАнинг юксак мукофоти – “Хизматлари учун” ордени топширилди.

Top