08:35 / 16.07.2016
4946

БМТ: Мосулдаги операция йилнинг энг йирик гуманитар инқирозини келтириб чиқариши мумкин

Фото: AFP

Ироқнинг Мосул шаҳрини ИШИД жангариларидан озод қилиш операцияси 2016 йилдаги энг йирик гуманитар инқирозига олиб келади, деб айтди БМТнинг Ироқ бўйича махсус вакили Ян Кубиш. 

Кубиш БМТ Хавфсизлик кенгашидаги нутқида гуманитар агентликларга Ироқдаги жорий фавқулодда гуманитар муаммоларга жавоб бериш учун кўпроқ маблағ зарурлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, маблағлар Мосулни озод қилиш бўйича кампания вақтида ошадиган чақириқларнинг олдини олиш учун керак бўлади, "бу ерда гуманитар саъй-ҳаракатлар 1 млрд долларга айланиши мумкин".

Ироқда мамлакатнинг бир қисмини эгаллаб олган ИШИД террорчилик гуруҳининг фаолияти билан боғлиқ ҳолда кескин вазият сақланиб қолинмоқда. Жангарилар ҳужумлар ва терактлар уюштирмоқда, уларнинг қурбонлари кўпинча тинч аҳоли бўлмоқда.

Мосул Ироқнинг йириклиги бўйича иккинчи шаҳри бўлиб, унинг аҳолиси 500 мингдан ошади. ИШИДнинг Ироқдаги пойтахти ҳисобланадиган Мосул 2014 йил ёзидан бери жангарилар назоратида қолмоқда. Мосулни озод қилиш бўйича операцияда пешмерг курд отрядлари, Ироқ армияси ва "Ал-Ҳашд аш-Шаъби" шиа отрядлари иштирок этмоқда. Ҳарбийлар шаҳарни озод қилишга тайёргарликни давом эттирмоқдалар.  

Кубишнинг айтишича, 2014 йилда Ироқда ИШИДнинг авж олиши бошидан 3,4 млн одам мажбурий ички кўчирилган шахслар бўлган. Умумий ҳисобда, мамлакатда 10 млн дан кўпроқ одам турли хилдаги гуманитар кўмакка муҳтож. Ироққа 2016 йилда гуманитар ёрдам кўрсатиш режасида 860 млн доллар йиғиш тахмин қилинганди. "Бугунги кунда бу режа 38 фоизга молиялаштирилган", деб маълум қилди Кубиш.

Top