09:58 / 25.07.2016
11137

Ўзбекистон – меҳнат муносабатлари соҳасида халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан муносабатларининг муҳим босқичи ўлароқ 1992 йилнинг 2 март санасини ҳисоблаш мумкин, айнан шу кунда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзоси бўлди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси БМТ Саммитида эълон қилинган барқарор ривожланиш бўйича халқаро кун тартибига бирлашиб, миллий миқёсда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш мажбуриятини ўз буйнига олди. Бунда миллий миқёсда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (бундан буён БМТ) Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича тизимли ва мақсадли ишлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2016 йил 15 февралда 111-ф-сонли фармойиши қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга биноан Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби, мавзуга оид ишчи гуруҳлар, ишлар режаси ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича вазифалар рўйхати тасдиқланди.
Республика халқаро ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан бири меҳнат муносабатлари соҳасидаги фаолиятдир. Ўзбекистон Республикаси Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) билан хусусан муқобил ва муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш йўналишида фаол ҳамкорлик юритади. Республика ХМТ нинг 13 та конвенциясини ратификация қилди. Ижтимоий-меҳнат соҳасини ривожлантириш, аҳоли реал даромадининг ўсишини таъминлаш, меҳнат бозоридаги вазиятни яхшилаш, унумдор бандлик соҳаларини кенгайтириш ва меҳнат муҳофазаси ва ҳавфсизлик даражасини ошириш мақсадида 2014 йилнинг 25 апрел куни Ўзбекистон Республикаси ва ХМТ ўртасида ҳамжиҳатлик ҳақида Меморандум имзоланиб, ушбу Меморандум республика учун 2014-2016 йилларга мўлжалланган адолатли меҳнат Дастурини ўз ичига олади. 
Ҳар йили 10-15 мартадан зиёд давра суҳбатлари, учрашувлар, семинар-тренинглар ва бошқа тадбирлар, шу жумладан Мамлакат Адолатли меҳнат дастурини амалга оширилишини муҳокама қилиш бўйича ҳудудларга чиқишлар амалга оширилади. Уларда мунтазам равишда мамлакат парламентининг вакиллари, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерациялари, Жаҳон банки, Ўзбекистондаги ҳорижий давлатлар элчихоналари, БМТ Ривожланиш дастури, ЕИ, ЕҲҲТ, ЮНИСЕФ, Ф.Эберт Фонди делегациялари, Германия, Дания, Хитой, Корея, Қозоғистон, Литва, Молдова, Россия, Франциядан халқаро экспертлар иштирок этади
Мазкур тадбирлар доирасида ХМТ, ЖБ, ХКК, ЕИ, хорижий мамлакатлар Элчихоналари ва бошқа халқаро ташкилотларнинг вакиллари республикада амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолаб, Ўзбекистон Ҳукуматининг қабул қилинган мажбуриятларни бажаришга содиқлигини таъкидлашмоқда. 
Алоҳида таъқидланишича, Ўзбекистон Республикасининг ХМТ, ЖБ, ХКК, ХИТ ва бошқа халқаро ҳамжамиятлар билан конструктив ҳамкорлиги мустаҳкамланиб, халқаро меҳнат стандартлари ва меъёрларини амалга ошириш бўйича аниқ ва мақсадли чора-тадбирлар қабул қилиниб, республика қишлоқ хўжалигида меҳнат шароитлари яхшиланмоқда.
2015 йилнинг ноябр ойида Жаҳон банкининг раҳбарияти Ўзбекистон Республикасига ташриф буюриб, унинг якунлари бўйича Вашингтонда ЖБ вице-президентлари Сирил Мюллер ва Лора Так, шунингдек ХМТ бош директорининг муовини Сандра Поласки иштирокида 2015-йил пахта мавсуми якунлари бўйича қишлоқ хўжалигида болалар ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг эришган тараққиёти мавзуида қўшма брифинг ўтказилди. Брифинг бошиданоқ С.Мюллер таъкидладики, унинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича у Ўзбекистон ҳукуматининг умуман иқтисодиётни ва хусусан қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишга қатъий содиқлигига ишонч ҳосил қилди. Шундан сўнг ўша даврда Марказий Осиё бўйича ЖБ нинг ҳудудий директори лавозимида фаолият юритган Сарож Кумар Жа жорий йилда болалар ва мажбурий меҳнатни бартараф этишда ҳукумат томонидан амалга оширилган амалий чора-тадбирлар ҳақида сўзлади. Хусусан, унинг таъкидлашича, 2015-йилда пахта терим мавсумида республиканинг педагогика ва тиббиёт ҳодимлари ўз иш жойларида бўлиб, мактаблар, коллежлар, тиббиёт муассасалари, савдо нуқталари, дорихоналар ва бошқа ижтимоий объектлар одатий режимда ишлади. Шу билан бирга С.Жа мамнуният билан таъкидлаб ўтдики, ушбу чора-тадбирлар Ўзбекисотн ҳукумати учун вақт билан белгиланадиган характерга эга эмас, мамлакат ҳокимиятининг бутун қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва пахта ишлаб чиқаришида квоталар тизимидан чиқишга интилишини кўрсатади. Ҳукумат мақсадларининг жиддийлиги сифатида у қайд қилдики, қишлоқ хўжалик секторида муносиб меҳнат шароитларини яратиш, қишлоқ хўжалик диверсификацияси ва ишлаб чиқариш жараёнларини машиналаштириш даражасини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни изчиллик билан амалга оширишни давом эттириш мақсадида 2015 йилнинг 16 ноябр куни мамлакат ҳукумати томонидан “2016-18 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжаликда меҳнат шароитлари, бандлик ва ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича ҳаракатлар Дастури” тасдиқланди.
Ўзбекистонга Э.Билл бошчилигидаги АҚШ Меҳнат Вазирлигининг делегациясининг яқиндаги ташрифи чоғида (2016 йилнинг март ойининг охирида) тегишли маърузалар ва ҳисоботларни тайёрлашда кейинчалик фойдаланишда қўллаш учун ижтимоий ҳамкорлар (Меҳнат вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси) томонидан қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. 
  Мазкур ташриф чоғида АҚШ Меҳнат вазирлигининг вакиллари қишлоқ хўжалик субъектлари, тўқимачилик фабрикаси, касб-ҳунар коллежида бўлиб, ўз кўзлари билан яратилган меҳнат шароитлари, уларда халқаро ва миллий меҳнат стандартларининг қўлланилишини кўриб, болалар ва мажбурий меҳнатга шарт-шароитлар йўқлигига ишонч ҳосил қилишди.
Ўз навбатида ХМТ, ХКК, ХИТ ва конвенциялар ва тавсияларни қўллаш бўйича ХМТ экспертлари Қўмитаси энг нуфузли ва мустақил халқаро ташкилотлар бўлиб, Ўзбекистон билан фаол ҳамкорликни юқори баҳолаб қўллаб-қувватлайди, республикада адолатли меҳнат шароитларни таъминлашда жиддий тараққиётни тан олиб, қабул қилинган чора-тадбирларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонни ХМТ конвенцияларини бажаришда нуқсонларга эга бўлган 50 мамлакатлар рўйхатига киритилишини тавсия этмайдилар. Хусусан, Халқаро меҳнат конференциясининг 105-сессияси чоғида (2016 йилнинг июн ойи) ХМТ бош директори томонидан алоҳида таъкидландики, “мамлакат халқаро ҳамжамиятга ўз очиқлиги, ХМТ нинг ратификация қилинган Конвенциялари доирасида қабул қилинган мажбуриятларни бажаришга юқори содиклигини намойиш этди. Республиканинг мазкур йўналишдаги иши бошқа мамлакатлар, айниқса Марказий Осиё мамлакатлари учун муносиб намуна бўла олади”.
Унумли ҳамкорлик натижасида 2015 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг (ХКК) қўшилган аъзоси, Савдо-саноат палатаси эса – Халқаро иш берувчилар ташкилотининг (ХИТ) тўлақонли аъзоси бўлди. Йўлга қўйилган конструктив ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида 2016 йил март ойининг охирида расмий ташриф билан Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг делегацияси Бош котиб Шаран Барроу бошчилигида Ўзбекистонда бўлди. 
Музокаралар чоғида Шаран Барроу мамлакат раҳбариятининг оқилона ва узоқни ўйлаб тутилган сиёсати натижасида Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиб, иқтисодиёт узлуксиз ривожланаётгани, Республика аҳолисининг фаровонлиги ўсаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати мансабдор шахсларнинг имкониятларини ошириш, иш берувчилар, ишчилар ва бутун аҳолининг халқаро меҳнат стандартлари, ХМТ конвенцияларини бажариш масалалари бўйича ҳабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратаётгани муҳимдир. 
Меҳнат диалоги соҳасида Ўзбекистоннинг Корея Республикаси билан ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Шундай экан, бугунги кунда қатор қўшма лойиҳалар амалга ошиб ва амалга ошишда давом этмоқда, улар ичидан Тошкент шаҳрида самарали фаолият юритаётган Касб-ҳунарга ўқитиш марказини алоҳида қайд этиш лозим, унда ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг 360 дан зиёд фуқароси меҳнат бозорида талабгор бўлган касб-ҳунарларга эга бўлмоқда. 
Кореялик ҳамкорлар билан биргаликда таъмирлаш-қурилиш ишлари ўз ниҳоясига етказилиб, жорий йилнинг сентябр ойида бундай марказнинг Самарқанд шаҳрида ишга туширилиши кутилмоқда. Ҳудди шундай марказларнинг Шахрисабз, Қўқон ва Урганчда ташкил этилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг меҳнат заҳиралари имкониятларини оширишга кўмаклашишга 1996 йилдан фаолият юритаётган бандликни бартараф этиш тизими ҳам қаратилиб, унга кўра Корея Республикасига 50 мингга яқин фуқаро юборилиб, улар ватанга қайтгач, замонавий ишлаб чиқаришларда меҳнат фаолиятини муваффақиятли давом эттиришмоқда ёки Ўзбекистонда бизнеснинг янги турларини ташкил этиш ташаббускори бўлишди. 
Сўнгги йилларда Япония билан яқин алоқа ўрнатилиб, кунчиқар мамлакатда меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун ҳар йили Ўзбекистоннинг 1,5 мингдан зиёд фуқароси йўналтирилади. РФ билан Россияда бандликни бартараф этиш тизимини жорий қилиш тўғрисида фаол музокаралар олиб борилмоқда. 
Ўзбекистонда халқаро ҳамкорлик, шу жумладан экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун 2020 йилга мева ва сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 32 млн.гача етказиш бўйича ишлар фаоллаштирилди, бу ҳақда Халқаро мева ва сабзавот ярмаркаси очилишида маълум қилинди. Бунда қайд этилдики, Ўзбекистон мустақилликка эришишидан аввал йилига 6 млн.гача чигитли пахта етиштирарди. Ҳозирги вақтда чигитли пахта етиштирилиши йилига 3 млн. тоннагача қисқартирилиб, бўшатилган майдонлар озиқ-овқат экинлари, шу жумладан буғдой ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришга ажратилди. Расмий маълумотларга кўра мустақиллик йилларида Ўзбекистонда сабзавотларни етиштириш ҳажми 8 баробар, мевалар – 5 баробар, полиз экинлари – 8 баробар ва узум – 9 баробар ўсди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 160 мингдан зиёд фермерлик хўжаликлари фаолият юритиб, улар ички ва ташқи бозорни сифатли мева ва сабзавотлар билан таъминлаб бермоқда. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга замонавий совитадиган қувватларнинг яратилиши ҳам ёрдам беради. Мамлакатда 1,3 мингдан зиёд бир йўла сақлаш қуввати 800 минг тоннадан зиёд бўлган совитиш камералари ва сақланадиган жойлар ишламоқда. Ярмарка чоғида жорий йилда умумий қуввати 100 минг тоннадан зиёд бўлган мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун 197 совитиш камераларини тиклаш ва қуриш режалаштирилаётгани ҳақида ахборот берилди. 2015 йилда Ўзбекистон 12,59 млн. тонна сабзавот, хусусан картошка, шунингдек 1,85 млн. тонна – полиз маҳсулотлари, 1,55 млн. тонна узум ва 2,73 млн. тонна мева етиштирди. Ушбу дастурларнинг амалга оширилиши ўн минглаб янги иш ўринлари, адолатли меҳнат шароитларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг даромадини оширишга кўмаклашади.
2015-2016 йй.да ўтказилган учрашувлар чоғида ҳорижий мамлакатларнинг расмий шахслари, хусусан ХМТ Бош директори Г.Райдер, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси (ХКК) Бош котиби Шарон Барроу, Корея Меҳнат вазири Ли Ги Кон, Марказий Осиё бўйича Жаҳон Банкининг ҳудудий директори Сарож Кумар Жа, Ўзбекистонда Германия элчиси Н.Хёфер-Виссинг, Корея элчиси Квон Ён-У, Валериус Симулик бошчилигида Ўзбекистон билан Литва Сеймининг парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳ раҳбари ва бошқалар билан халқаро ҳамкорлик контекстида мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши, шу жумладан бандлик, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва халқаро меҳнат стандартларини амалга ошириши юқори баҳоланди. 

Top