20:18 / 26.07.2016
19142

Туркия бош вазири ўринбосари Россиянинг тўнтарувдан огоҳ қилгани ҳақидаги гапларга изоҳ берди

Google image

Туркия бош вазири ўринбосари Мехмет Шимшек Россия гўёки Туркияда давлат тўнтарувига тайёргарлик кўрилаётганидан огоҳлантиргани ҳақидаги маълумотга эга эмас. 

"Менда бу борада маълумот йўқ, - деб жавоб берди Шимшек тегишли саволга. – Бироқ айтиб ўтаман, фитнанинг эртасига энг жиддий қўллаб-қувватловни Россия кўрсатди. Россия Туркиянинг қонуний ҳукумати тарафдори эканлигини таъкидлаб ўтди. Биз Россия президенти Владимир Путиннинг қўнғироғини юқори баҳолаймиз. Бу қўллаб-қувватлов жуда кучли бўлди".  

Аввалроқ Эроннинг Fars ахборот агентлиги Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған тўнтарувдан бир неча соат олдин Россиядан тўнтарувга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида огоҳлантириш олганини маълум қилган. Агентлик маълумотларига кўра, бундай маълумот Анқарадаги дипломатик манбаларга иқтибос келтирган ҳолда бир неча араб ОАВ томонидан тақдим қилинган. Уларнинг таъкидлашича, Туркия Миллий разведка ташкилоти россиялик ҳамкасблари томонидан "давлат тўнтаруви муқаррар юз беришидан" огоҳлантирилган.      

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бунга қуйидагича изоҳ берган: "Мен бундай маълумотга эга эмасман ва Fars агентлиги иқтибос келтираётган манбаларни билмайман".

Шимшек, шунингдек, давлат тўнтарувига уриниш ташкилотчилари учун ўлим жазоси белгилаш ҳақидаги қарор қабул қилинмаганини қўшимча қилди.

"Бу террорчилик ташкилотига алоқадор шахслар вақтинчалик ўз хизмат мажбуриятларини бажаришдан четлатилдилар, якуний қарорни суд қабул қилади. Уларни доимий асосда четлатиш масаласи қонун доирасида ҳал қилинади. Ташкилотчилар учун ўлим жазоси белгилаш имкониятига келсак, бу қарор қабул қилинмади", деб айтган Шимшек.

Top