12:38 / 27.07.2016
11066

Замонавий дунёнинг Геростратлари

Эрамиздан аввалги 356 йилда Грециянинг Эфес (ҳозирги Туркия ҳудудларида) шаҳрида Герострат деган одам ўз номини тарихда қолдирмоқ мақсадида ўша вақтдаги дунёнинг етти мўъжизасидан учинчиси бўлмиш маъбуда Артемида ибодатхонасига ўт қўяди. Тарихчиларнинг ёзишича, у сўроқ вақтида авлодлар ўз номини  эслашлари учун бу ишни қилганини тан олади.

Герострат ёшлик чоғиданоқ шуҳрат қозонишни хоҳларди. У бу орзусига аста-секинлик билан эмас, балки бир зумда етишишни  истаб қолди. Шаҳар аҳли Геростратни ўлимга маҳкум қилишади ва бу номни асло тилга олмасликка қарор қилишади. Аммо қадимий юнон тарихчиси Феопомп Геростратнинг ёвузлиги ҳақида ёзиб қолдиргани учун бу ном қабиҳлик, шуҳратпарастлик, шармандалик намунаси сифатида тилга олинади. Бугунги кунда инсоният яратган бунёдкорликларни вайрон қилиш билан шуғулланаётганларни ҳам бемалол Герострат авлодлари деб аташ мумкин. Чунки Герострат тарихдаги биринчи ва шу билан бирга, охирги Герострат эмаслиги аниқ.

Мосул – Ироқнинг маданий жиҳатдан энг бой, диний жиҳатдан энг ранг-баранг шаҳарларидан. Аммо аввалига ўзини “Ироқ ва Шом Ислом Давлати”, кейинроқ эса “Ислом давлати” деб атаган террор ташкилоти Мосулни ўз пойтахти деб эълон қилганидан бери, у ердаги бебаҳо маданий мерос жиддий хавф остида қолди. Жангарилар Мосулдаги марказий кутубхонани портлатиб юборди ва ўт қўйди. Жаҳондаги энг қадимий деб айтилаётган кутубхона ҳовлисида китоб ва қўлёзмаларни ёқиб, гулхан ясашди. Умумий ҳисобда маданият, фалсафа ва тарихга оид 10 минг том китоб йўқ қилинди. Улар орасида юзлаб манускриптлар бор эди. Жангарилар Мосул музейидаги дурдоналар – минглаб йиллар давомида кўзни қувонтириб турган бебаҳо санъат асарларини бир неча дақиқа ичида ер билан яксон қилди. Жаҳон телеканалларида жангарилар Мосул музейидаги ҳайкалларни бузаётгани тасвирланади. Мутахассиларнинг фикрича, буларни кўргандан кейин тушкунликка тушмай бўлмайди. Чунки бузиб ташланган ҳайкаллардан бири 2500 ёшда эди.

Террорчилар Мосулдан 40 километр узоқликда жойлашган қадимий оссурияликларнинг Нимруд шаҳрини ер билан яксон қилишди. Террорчилар Юнус пайғамбарнинг қабри ва масжидини ҳам бузиб ташлашди. Бунинг учун жангарилар булдозерлардан фойдаланишди.

Олимларнинг сўзларига қараганда, инсониятнинг бебаҳо маданий бойлиги бўлмиш қадимий қалъа ва ибодатхоналарнинг қолдиқлари абадул-абад йўқотилди. Нимруд Оссурийлар даврининг дурдонаси ҳисобланади ва Фрот ҳамда Дажла дарёларининг ўртасида уч минг йил олдин вужудга келган. Эрамиздан аввалги учинчи асрдан бери машҳур бўлган ва Парфия империяси таркибига кирган Хатра шаҳри ҳам ер юзидан супуриб ташланди. Унгача жангарилар Саргон Иккинчи саройи билан машҳур бўлмиш қадимий Дур-Шаррукин шаҳрини ер билан текислаб ташлаган эди. Қадимий Дур-Шаррукин вайроналарида 19-асрда француз археологлари томонидан бошланган қазишма ишлари ассириология фанига асос солган эди. Ашшур ва Самара археологик шаҳарлари ҳам ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Улар Ироқдаги муҳим объектлардир.

1989 йилда Нимруд шаҳри яқинидаги шоҳлар қабристонида олиб борилган қазишма ишлари вақтида 300 дан ортиқ тилла заргарлик буюмлари топилган эди. Айрим буюмлар эрамиздан аввалги Х асрга тааллуқли экани аниқланди. Эндиликда бу топилмаларнинг ҳаммаси экстремистлар қўлига тушиб қолди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ИД томонидан Ироқдаги қадимий шаҳарларни вайрон этилаётгани кескин қоралаб чиқилди. Унинг айтишича, бу каби хатти-ҳаракатларни ҳарбий жиноят сифатида қабул қилиш керак. Чунки бу ҳужумлар бутун инсониятга қарши қаратилгандир. ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова террорчилар томонидан инсониятнинг қадимий мероси йўқ қилинишини “даҳшатли маданий тозалаш стратегияси” деб атади.

ЮНЕСКО раҳбари Ирина Бокова минтақадаги сиёсий ва диний раҳбарларга, БМТ Хавфсизлик Кенгашига, Халқаро Жиноий судга мурожаат қилиб, террорчиларнинг бу каби хатти-ҳаракатларига бефарқ бўлмасликка чақирди. У Халқаро Жиноий суд бу каби хатти-ҳаракатларни ҳарбий жиноят сифатида баҳоланишини талаб қилмоқда. Шунингднек, Ирина Бокова маданий-тарихий меросни асраб қолиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда мажлис ўтказиши лозимлигини эслатиб ўтди. Минтақада мингдан ортиқ тарихий ёдгорликлар борлигини таъкидлаган Ирина Бокова ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Хатранинг вайрон этилиши ўзини ташвишга солганини айтди.

БМТ қошидаги Жаҳон Сайёҳлик ташкилотининг Бош котиби (UNWTO) Талеб Рифаи жангарилар томонидан мунтазам равишда Сурия ва Ироқдаги қадимий ёдгорликлар бузиб ташланаётганидан ташвишга тушаётганини билдириб, Жаҳон Сайёҳлик Ташкилоти ЮНЕСКО раҳбарияти томонидан Инсониятнинг Маданий меросини сақлаб қолиш йўлида жиддий чора-тадбир кўриш бўйича чақириқларига қўшилишини билдирди.

ИДнинг контрабанда йўли билан топаётган маблағлари террор фаолиятининг кенгайишига сабаб бўлмоқда. Ироқнинг БМТдаги доимий вакили Муҳаммад Али ал-Ҳаким бу ҳодисаларни инсоният учун фожиа эканини қайд қилди. Унинг айтишича, ИД инсониятни ўрта асрларга қайтаришга уринмоқда. “Мен ИДни қўллаб-қувватлаётганларга - улар мамлакат бўладими ёки ташкилот бўладими - мурожжат қилиб айтаманки, кўриб қўйинг: улар Мосул, Нимрудда нималар қилишди. Бу қадимий шаҳарлар 3 минг йилдан ортиқ турган эди. Террорчилар бу шаҳарларни йўқ қилишди”, деди ироқлик дипломат. 

Ироқ ҳукумати қадимий обидаларнинг вайрон этилишига қисман Ғарб мамлакатларини айблаб чиқди. Ироқ туризм вазири Одил Фаҳд аш-Шаршаб халқаро коалицияга мурожаат қилиб, масъулиятни қисман ўз зиммаларига олишларини сўради. Унинг фикрича, коалиция кучларининг ИД террорчиларига қарши етарлича кураш олиб бормаётгани натижасида террорчилар ҳаддан ошиб бормоқда ва кўпдан кўп жиноятларни содир этмоқда.

Ироқдаги археологик ёдгорликларни нафақат террорчилар, балки қуролли можарода иштирок этаётган бошқа иштирокчилар ҳам вайрон қилмоқда. Бу ҳақда америкалик собиқ дипломат Питер ван Бюрен маълум қилди. «Рейтер» ахборот агентлиги учун мақола ёзган ван Бюрен Ироқдаги тарихий ёдгорликлар бузилаётганини таъкидлаб ўтади. Унинг қайд қилишича, Америка ҳарбийлари 2003 йилда Ироққа бостириб кирган чоғида Бобил вайроналаридан вертолёт майдончаси сифатида фойдаланган. Пиёдачилар эса қадимий ғишт ва кулолчилик идишларидан ҳимоя девори яратишган. Питер ван Бюрен келажакда ИД жангарилари қадимий ёдгорликларни вайрон этишда давом этишини таъкидлайди.

Олимлар Ироқдаги қадимий обидаларнинг сақланиб қолишига умидсизлик билан қарашмоқда. Фуқоролар уруши даврида Ироқ музейлари талон-тарож қилиниши муносабати билан музей ходимлари аслиятни нусха билан алмаштириб қўйишга мажбур бўлган эди. “ИД террорчилари  йўқ қилган ёдгорликлар, ишқилиб нусха бўлсин-да”, деган қарашлар ҳам айтилмоқда.
Франция президенти Франсуа Олланд ИД жангариларининг тарихий объектларни йўқ қилаётганини қоралаб чиқди. “Улар одамларга, тарихга, хотирага, маданиятга зарба бермоқда. Террорчилар инсониятнинг барча бойликларини йўқ қилмоқда”, деди Франсуа Олланд.

Шу ўринда Афғонистоннинг Бомиён вилоятида Толиблар томонидан қадимий улкан Будда ҳайкалларининг вайрон этилганига 15 йил бўлганини эслатиб ўтамиз. Тоғ бағрига эрамизнинг 3-7 асрларида ўйиб ишланган ҳайкаллар портловчи моддалар ёрдамида 2001 йил портлатилганди. Толибонга кўра, бу ҳайкаллар куфр нишонаси бўлган. Улар будда ҳайкалларини вайрон қилишга 25 кун сарфлашган. Ҳайкаллар бузилгандан сўнг толиблар вайроналар ўрнида ўндан ортиқ сигирларни олиб келиб сўйишган ва гўштини одамларга тарқатишган.

Малидаги вазият ҳам кишини ташвишлантиради. Жангарилар Тимбукту шаҳридаги ноёб архивга ўт қўйди. Бу ердаги иккита бинода - қадимий омборхона ва янги Тадқиқот Марказида  12-13-асрларда яратилган биология, астрономия, тарих, математика, мусиқа ва бошқа фанларга оид юз мингдан ортиқ қўлёзмалар,  манускриптлар сақланарди. Манускриптлар нафақат Мали, балки  жаҳон мероси эди. Террорчилар шаҳарнинг маданий қадриятларини, жумладан, қадимий Жингуеребер масжиди ва сўфийларнинг қадамжолари ҳамда  мақбараларини тахқирлашди, бузиб ташлашди. Кувайтлик уломолардан бири Иброҳим ал Кендарий қадимий Миср эҳромлари ва Сфинкс ҳайкалини бузиб ташлаш фикрини илгари сурди. Террорчиларнинг кўр-кўрона хатти-ҳаракатлари оқибатида инсоният ўзининг тарихий ва маънавий бойлигидан маҳрум бўлмоқда. Мусулмон мамлакатларида истиқомат қилувчи аҳоли террорчиларнинг бу ишлари муқаддас ислом динига мос келмаслигини англаб етган. Бироқ, номусулмон халқлар эса, бу каби ишларни кўриб, “ислом дини бузиш, вайронагарчилик келтириш, бегуноҳ одамларни ўлдириш экан-да”, деган фикрга келиши аниқ. Бунда “Ислом Давлати” деган ном катта роль ўйнаётгани аниқ. Шу сабабли бу ташкилотни “Иблис Давлати” деб аташ керак, деган таклифлар ҳам ўртага ташланмоқда.

Тарихий обидаларни йўқ қилиш халқнинг ўтмишидан жудо қилишни англатади. Маданият ўзини янгилай олмайди. Йўқ қилинса, қайта тикланмайди. Ироқ, Сурия, Афғонистон, Малидаги қадимий санъат асарлари энди йўқ ва ҳеч қачон  қайтмайди. Бу жиноятни сиёсий ва диний жиҳатдан ҳам асло оқлаб бўлмайди.

Шу ўринда буюк шоиримизнинг “Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек Диана маъбудин ёқмоқ шарт эмас. Кўпларнинг бахтига ўзликни жамлаб шу улуғ бинога бир ғишт қўйсак бас”, деган сатрларни эслатиб ўтиш ўринли, деб ўйлаймиз.

Шарофиддин Тўлаганов

 

Top