16:55 / 05.08.2016
5986

Навоийдан Бухорогача бўлган темир йўлда 160 километр тезликда ҳаракатлана олиш имконияти вужудга келди

Тошкентда темирйўлчилар касб байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти, меҳнат фахрийлари, соҳа илғорлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда юкларнинг 70, йўловчиларнинг 60 фоиздан ортиғи темир йўллар орқали ташилмоқда. Юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob”  поездлари ҳаракати йўлга қўйилгандан бери 1 миллиондан зиёд йўловчи ушбу замонавий транспорт воситаси хизматидан фойдаланди.  

Истиқлол йилларида минглаб километр янги темир йўл линиялари барпо этилди. Навоий – Учқудуқ – Нукус – Султон Увайстоғ ва Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон янги темир йўл магистралларининг ишга туширилиши шимолий ва жанубий ҳудудлар аҳолиси ҳаётида чуқур из қолдириб, ушбу минтақаларни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан тўғридан-тўғри боғлади. 

2016 йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирокида Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўлининг очилиши билан Ўзбекистонда ягона, мустақил миллий темир йўл транспорти коммуникация тизими тўла шаклланди. 

Миқёси ва кўламига кўра жуда улкан ва мураккаб бўлган мазкур замонавий лойиҳа атиги 32 ой ичида, яъни белгиланган муддатдан аввал якунлангани мамлакатимиз темирйўлчиларининг юксак маҳорати ҳамда шижоатидан дарак беради. 

Ўтган даврда узунлиги қарийб 250 километрлик йўлнинг 140,2 километрлик Мароқанд – Навоий участкаси янгидан қурилди. Навоийдан Бухорогача бўлган пўлат излар соатига 160 километр тезликдаги ҳаракатланишга мослаштирилди. Пиёдалар ўтиш йўлаги, йўл ўтказгич, кўприк ва станциялар сингари икки юз йигирмадан зиёд иншоот қурилди. 

Самарқанд – Бухоро участкасининг электрлаштирилиши ва юқори тезликдаги йўловчи поездлар ҳаракатининг йўлга қўйилиши натижасида йўловчилар Тошкентдан Бухорогача бўлган 620 километрлик масофани 3 соату 30 дақиқада босиб ўтиш имкониятига эга бўлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Зокиров сўзга чиқди.

Top