08:58 / 08.08.2016
13729

Рио-2016. Иккинчи кун баҳсларидан кейин АҚШ медаллар ҳисоби бўйича етакчилик қилмоқда

Рио-де-Жанейро олимпиадасида иккинчи кун баҳслари давом этмоқда. Айни вақтда АҚШ медаллар ҳисоби бўйича яққол етакчига айланган. Америкаликлар иккинчи куни яна 2та олтин, 1та кумуш ва 4та бронза медаль олиб, жами медаллар сонини 12тага етказишди.

Қайд этиш керакки, тажрибали сузувчи Майкл Фелпс терма жамоа билан 4x100 масофали эстафетада ғолиб бўлиб, 19-марта Олимпиада чемпионига айланди. Эндиликда унда Олимпиадаларнинг 23та медали бор ва у бу борада яққол етакчи.

Америкалик сузувчи қиз Кэти Ледеки 400 м масофага эркин услубда сузиш бўйича 3:56:46 дақиқа кўрсаткичи билан ғолиб бўлди. Бу унинг жаҳон рекордини ўрнатиши бўлди. Бундан олдинги рекордни (3:58,37) у 2014 йили Австралиядаги Pan Pacific Championships турнирида ўрнатганди.

Жадвалда АҚШдан кейин Хитой 8та медаль билан (3-2-3) иккинчи, Австралия 6та медаль билан (3-0-3) учинчи бўлиб турибди.

Хитойлик Тинмао Ши ва Минся Ву жуфтлиги трамплиндан синхрон сакраш бўйича олимпиада чемпиони бўлишди. Яна бир хитойлик Лун Цинцюань оғир атлетика баҳсларида (-56 кг вазн) иштирок этиб, 307 кг (137 +170) натижа билан биринчи бўлди ва терма жамоасига олтин олиб келди.

Италиялик Гароццо рапира бўйича чемпион бўлди. Италияликлар айни вақтда 2та олтин, 3та кумуш ва 2та бронза медаль олиб, тўртинчи ўринда кетишмоқда.

Британиялик Адам Пити 100 м масофага брасс усулида сузишда 57,13 сониялик кўрсаткични қайд этиб, ўзи саралаш вақтида қайд этган рекордни (57,55) янгилади ҳамда Олимпиада чемпионига айланди. Буюк Британия 1та олтин ва 1та кумуш медаль билан жадвалнинг саккизинчи ўрнида жойлашган.

Тўққизинчи ўриндаги Швеция вакили иккинчи кун баҳсларида 100 м масофага баттерфлай услубида сузиш бўйича тенгсиз бўлди. У финалда 55,48 сониялик натижа кўрсатди.

Олтин медаль олган давлатлар қаторига Косово ҳам кирган (13). Дзюдочи Майлинда Кельменди бу мамлакатнинг Олимпиадалардаги илк олтин медалига сазовор бўлган.

Айни вақда медал олган давлатлар сони 31тага етди. Ўзбекистон 2та бронза медаль билан 28-ўринда жойлашган.

Ўзбекистон терма жамоаси вакили, дзюдочи Ришод Собиров (-66 кг) бронза медали учун кечган беллашувда словакиялик Адриан Гомбокни мағлуб этди. 

Шу тариқа, Пекин-2008 ва Лондон-2012да бронза медалларига эга бўлган Ришод Собиров, бу сафар ҳам медалсиз қолмади. Бу унинг олимпия ўйинларидаги учинчи бронза медали.

Top