16:57 / 10.08.2016
14649

Ўзбекистонга экстремистик материалларни конфет қутисида олиб киришга уринган шахс қўлга олинди

Наманган аэропорти божхона хизмати ходимлари Ўзбекистонга хотира карталаридаги экстремистик мазмундаги материалларни конфетлар қутисида яширган ҳолда олиб киришга уринган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси вакилига асосланган ҳолда РИА Новости хабар берган.

"Новосибирскдан учган рейс орқали келган йўловчилар божхона назоратидан ўтказилаётган вақтда, бир йўловчининг қўл юкида 300дан ортиқ хотира карталари солинган шоколадли конфет қутилари аниқланган", — дея аниқлик киритган манба.

Божхонадагилар томонидан берилган изоҳга кўра, аэропортда амалга оширилган тасодифий тафтиш шуни кўрсатганки, электрон ташувчиларда диний маърузалар, шунингдек, ИШИД ташкил этилишига оид даъват қилувчи материаллар бор эди. Бу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов бошланган.

Бунга қадар ҳам Ўзбекистон ҳудудига экстремистик материалларни олиб киришга уринишлар содир этилганди. Расмий маълумотларга кўра, 2015 йилда божхоначилар ва республикадаги бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари юк олиб ўтишга доир 1,2 мингдан ортиқ қоида бузилишларини қайд этишган. Ўтган йилда 50 мингдан ортиқ диний экстремистик материаллар ноқонуний равишда олиб ўтилишига чек қўйилган.

Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, экстремистлар информацион технологиялар имкониятларидан фойдаланган ҳолда чегарадан ноутбуклар, мобил телефонлар ва бошқа электрон қурилмалар воситасида диний адабиётлар, фото ва видеоматериалларни олиб ўтишга уринишади.

Top