18:28 / 16.08.2016
14816

Чеченистонда ўзбекистонлик меъморлар лойиҳаси асосида масжид қурилиши поёнига етмоқда.

Россиянинг Чеченистон республикаси Шали тумани марказидаги «Шали-Сити» турар жой мажмуаси яқинида Рамзан Қодиров масжиди барпо этилмоқда. У йилнинг охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган, деб хабар қилмоқда EADaily.com нашри.

Ўзбекистонлик меъморлар томонидан лойиҳалаштирилган масжид, ҳар бири 63 метр бўлган тўрт минора ва баландлиги 43 метр бўлган қуббага эга бўлади. Унинг қурилиши 2012-йилда бошланган бўлиб, асосий каркаси қуриб битказилган, эндиликда ички ва ташқи пардоз-андоз ишлари бошланмоқда.

Хабарларга кўра, масжид чиройи ва услуби бўйича дунёда тенгсиз бўлиб, унинг ички ва ташқи деворлари оқ юнон мармари билан безатилади. Италиялик мутахассислар ёритиш тизими устида иш олиб боришмоқда. Ўзбекистонлик меъморлар томонидан лойҳалаштирилган масжид, қадимий Бухоро ва Самарқанд масжидлари услубини ўзида мужассамлаштирган. Бу Чеченистоннинг Ўзбекистонда жойлашган сўфийлик марказлари билан ўзаро боғлиқлик тимсоли ҳисобланади. 

Масжиднинг қадимий ўзбек масжидлари услубида қурилиши Қодировлар оиласининг Ўзбекистон билан бўлган алоқасига яна бир бор урғу беради. Маълумки, Рамзан Қодировнинг отаси, марҳум Аҳмад Ҳожи Қодиров дастлаб Бухородаги Мир-Араб мадрасасида таълим олган, кейин Тошкентдаги Ислом институтида таҳсилни давом эттирган. Аҳмад Қодиров, ўқиш даврида Ўзбекистон биринчи муфтийси, Ислом оламининг йирик алломаларидан бири Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан таъсирланган ва улар кейинчалик оилавий дўстлашиб ҳам кетган. Шайх Муҳаммад Содиқнинг вафотидан кейин Грозний шаҳри кўчаларидан бирига унинг номи қўйилган эди.

Top