20:34 / 24.08.2016
11797

МДҲ давлатлари бирлашган минтақавий ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари яратиш бўйича келишув тайёрлашмоқда

МДҲ давлатлари мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги шу давлатлар ҳаво ҳужумига қарши мудофаа масалаларини мувофиқлаштирувчи қўмита йиғилишида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш муҳокама қилинади, деб хабар бермоқда "Интерфакс" ахборот агентлиги.      

"Қўмита йиғилишида алоҳида аҳамият кўп томонлама ва икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришни истиқболли режалаштиришга қаратилади", деб маълум қилинди Россия мудофаа вазирлигида.

Шунингдек, йиғилишда МДҲ давлатлари бирлашган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимининг қўшма тадбирлари режаси маъқулланади.  

Йиғилиш тугагач, делегация раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтади. "Томонлар Марказий Осиё минтақаси коллектив хавфсизлигида бирлашган минтақавий ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини яратиш бўйича давлатлараро келишув лойиҳасини келишиб олиш ва имзолашга тайёрлаш устида ишламоқдалар", дейилди хабарда. 

Қўмитанинг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон, Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон мудофаа вазирликлари делегациялари иштирок этади. Жорий йилда иштирокчилар таркибидан Туркманистон делегацияси ҳам ўрин олган. 

 

Top