01:53 / 03.09.2016
13381

Озарбайжон президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик изҳор этди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари матбуот хизмати маълум қилган.

«Ўзбекистон республикаси президенти, атоқли давлат ва ижтимоий-сиёсий арбоб Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти тўғрисидаги хабарни чуқур қайғу билан қарши олдим.

Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти сифатида тарихга кирди. Давлат мустақиллиги ва мамлакат суверенитетининг шаклланиши, ривожланиши ва мустаҳкамланиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги эришилган муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқининг жаҳон ҳамжамиятига интеграцияси унинг номи билан боғланади", — дейилади мурожаатда.

Илҳом Алиев Озарбайжонда мустақиллик йилларида кўптомонлама озарбайжон-ўзбек давлатлараро муносабатларининг шаклланиши ва ривожланишига улкан ҳиссасини қўшган Ислом Каримовни ҳақиқий дўст сифатида билиши ва уни қаттиқ ҳурмат қилганини қайд этган.

«Ушбу қайғули соатларда оғир ва ўрнини қоплаб бўлмас йўқотиш муносабати билан Озарбайжон халқи ва ўз номимдан Сизга, Ислом Каримовнинг қариндошлари ва яқинлари, қардош Ўзбекистон халқига ҳамдардлик изҳор этаман. Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда доим сақланиб қолади», — дейилади ҳамдардлик мактубида.

Top