12:06 / 27.09.2016
5928

Колумбия президенти ва ФАРК исёнчилар гуруҳи етакчиси ўртасида тинчлик битими имзоланди

Фото: ATF

Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантос ва сўл исёнчилар гуруҳи (ФАРК) етакчиси Тимолеон Хименес 50 йиллик қуролли қарама-қаршиликдан сўнг тинчлик битимини имзолашди. Бу ҳақда жаҳон оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

Ҳужжат имзолангач, исёнчилар етакчиси ўз нутқида низо вақтида қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига ўз ҳамдардлигини билдирди ва улардан кечирим сўради.

Колумбия ҳукумати ва исёнчилар ўртасидаги зиддият Ер сайёрасининг ғарбий яримшари тарихида энг узоқ вақт давом этган низо ҳисобланади – 52 йил. Томонлар тўрт йиллик музокаралардан сўнг август ойида келишувга эришишди. Битим имзолангани ҳамоно ташкилот етакчиси ўз аскарларига қуролларни топшириш ва ўт очмаслик режимига амал қилишга буюрди. Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантос ҳам низолар тўхтатилгани ҳақида маълум қилди.

Келишув исёнчиларни афв этиш (оғир ҳарбий жиноятларни содир этганлар бундан мустасно), собиқ исёнчиларнинг жамиятга интеграциялашувини йўлга қўйиш, Колумбияда ер ислоҳотларини ўтказиш, шунингдек, уруш йилларидаги жиноятларни суд қилиш учун маҳкамалар ташкил этишни назарда тутади.

Келишувнинг баъзи пунктларига кўра ФАРК ҳукуматдан конституцион ўзгаришлар талаб этишга ҳақли ва бу масала октябрь ойидаги референдумда кўриб чиқилади.

Top