11:36 / 05.10.2016
7926

ХВЖ 2016-2017 йилларга Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръатлари прогнозини оширди

© РИА Новости

Халқаро валюта жамғармаси 2016 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръатлари прогнозини 1 фоизга оширди.

Ташкилотнинг октябрдаги "Жаҳон иқтисодиёти ривожланиши истиқболлари" деб номланган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ЯИМнинг 2016 йилдаги ўсиши 6 фоизни ташкил қилади. Аввалроқ жамғарма Ўзбекистон ЯИМ жорий йилда 5 фоизга ўсишини прогноз қилган.

ХВЖ мутахассислари прогнозларига кўра, Ўзбекистон ЯИМ 2017 йилда ҳам 6 фоизга ўсади. Аввалроқ бу кўрсаткич 5,5 фоиз даражасида прогноз қилинганди.

ХВЖнинг таъкидлашича, саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш дастурини амалга ошириш Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши суръатларини сақлаб қолади, бироқ асосий экспорт маҳсулотларига номақбул нархлар иқтисодий кўрсаткичларга таъсир кўрсатиши мумкин. 

ХВЖ ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистонда инфляция миқдори 2016 йилда 8 фоизни, 2017 йилда эса 9,8 фоизни ташкил қилади.

2016 йилда тўлов балансининг жорий ҳисоби сальдоси Ўзбекистон ЯИМга нисбатан 0,1 фоизни, 2017 йилда 0,2 фоизни ташкил қилиши прогноз қилинмоқда.
 

Top