15:07 / 21.10.2016
5421

Андижонда Республика ишчи гуруҳи томонидан ўтказилаётган очиқ мулоқотларда ёшлар муаммолари ўз ечимини топмоқда

Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида Республика ишчи гуруҳи аъзолари билан ёшларнинг ижтимоий кайфияти, муаммолари ва таклиф-истакларини ўрганиш мақсадида очиқ мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.

17-20 октябрь кунлари вилоятнинг туман ва шаҳарларида ташкил этилган учрашувлар давомида келажагимиз бўлган ёш авлод вакилларининг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ижтимоий соҳалардаги жараёнлар бўйича фаол фикрлаётгани ва таҳлилий ёндошаётганига гувоҳи бўлдик.

Андижон Давлат Университетида ўтказилган очиқ мулоқотда ҳам ёшларнинг ижтимоий кайфияти, муаммолари ўрганилиб, иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий йўналишлар билан боғлиқ таклифларига эътибор қаратилди.

“Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгашининг мутахассислари, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Махамаджан Нишанов, таниқли санъаткор ва спортчилар иштирок этган очиқ мулоқот давомида Андижон шаҳрида истиқомат қилаётган ёшлар, таълим муассасаларининг ўқувчилари томонидан ўртага ташланган муаммолар, ечимини кутаётган ўнлаб масалалар ижобий ҳал этилди.

- Коллежимизда ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланишлари учун анжомлар етишмаётган эди, - дейди Андижон банк коллежи талабаси Жаҳонгир Ўринов. – Учрашув давомида ушбу муаммони ўртага ташладим. Муаммони ечими шу жойнинг ўзида ҳал қилинди. Бундан барчамиз жуда хурсандмиз.

Очиқ микрофон орқали Андижон автомобил йўллари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Асилбек Ашуралиев, ўқишни тамомлаётганларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш истаклари борлигини, фаол ёшлардан Оқила Баҳодиржонова коллежнинг иқтидорли ёшлари учун стипендиялар жорий этиш, Сетора Мамадалиева вилоят марказида “Аждодлар мероси ва замонамизнингг ёш қаҳрамонлари” музейини ташкил таклифларини билдирдилар. Ёшларнинг истак ва таклифлари республика ишчи гуруҳи томонидан қайд этилиб, чора-тадбирлар лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилиши таъкидланди.

Бу каби очиқ мулоқотлар вилоятимизнинг барча туманларида бўлиб ўтди. Йиғилишлар давомида ёшлар ўзларининг орзу-истаклари рўёбга чиқиб, муаммолари ечимини топганлиги учун миннатдорчиликларини билдирдилар. 

Элмурод Эрматов, Андижон

Top