22:18 / 04.11.2016
4586

2016 йил Қорақалпоғистонда янги иш ўринларининг 83,8 фоизи қишлоқ жойларида ташкил этилди

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган кўчма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда 49 минг 863 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, январь-сентябрь ойларида 38 минг 658 янги иш ўрни яратилди. Янги иш ўринларининг 83,8 фоизи қишлоқ жойларида ташкил этилиб, уларнинг 24,3 фоизи хотин-қизлар учун мўлжалланган.

Ҳисобот даврида янги иш ўринлари яратиш юзасидан кўзда тутилган режа саноатда 102,7, хизмат кўрсатишда 101,5, қишлоқ хўжалигида 101,2, қурилишда 103,8, тўхтаб қолган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ҳисобидан 103,6, тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратилиши ҳисобидан 101,6, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш бўйича 100,4 фоизга бажарилди.

Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2015-2016 ўқув йилида 23 минг 747 нафар коллеж битирувчиси билан тўрт томонлама тузилган шартнома асосида уларни ўқув-ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштириш кўзда тутилган. Йиғилишда ушбу масала ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев сўзга чиқди.

 

Top