14:37 / 11.11.2016
5129

Халқаро симпозиумнинг иккинчи кунида Колмогоров турбулентлиги мавзусида сўз юритилди

Фундаментал ва экспериментал физика масалаларига бағишланган халқаро симпозиумнинг иккинчи куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети физика факультети (Улуғбек шаҳарчаси) да давом этди.

Куннинг биринчи ярмидаги пленар йиғилишни австралиялик профессор А. Брай кириш сўзи билан очиб берди. 

Дастлаб сўзга чиққан маърузачи – россиялик физик олим Е. Кузнецов Колмогоров турбулентлиги мавзусида сўз юритди. У ўз маърузасини назарий жиҳатдан асослаб, бу борада ўтказилган тажрибалар натижаларига мурожаат қилди.

Унинг хитойлик ҳамкасби, хитойлик олим Ю Лу маърузаси аввалида мазкур халқаро симпозиумда иштирок этиш таклифини олгач, тақдимоти мавзуси устида жуда кўп ўйланганини тан олди. Мавзуга қизиқарлилик ва фойдалилик мезонлари асосида ёндашган олим Ўзбекистонда физика фанининг мустақилликдан олдинги ва кейинги ютуқларини ўрганиб чиқиб, метафизика масалаларига тўхталишга қарор қилди. Хитой Фанлар академияси профессори Ю Лу метафизиканинг тараққиёти ҳақида ўз мамлакати тажрибаси мисолида сўз юритар экан, шундай деди: “Менинг илмий фаолиятимнинг дастлабки даври жуда мураккаб даврга тўғри келдики, илм билан асосан мустақил, ҳеч бир ташқи кўмаксиз шуғулландим. Бугун физикага қизиқаётган ва бу борада муайян ютуқларга эришаётган ёшларнинг кўплиги қувонарли ҳол. Зеро, физика жамият ривожининг асосидир. Ёшларнинг бу қизиқишларини рағбатлантирувчи ва қўллаб-қувватловчи шароитнинг мавжудлиги ҳам катта ютуқ. Ўзбекистонда ҳам ёшлар учун ҳам бу борада жуда кенг имкониятлар яратилганлигининг гувоҳи бўлиб турибман. Ўзбек ёшларининг илм соҳасидаги ютуқлари ҳақида ҳали кўп эшитишимга ишонаман”.  

Пленар йиғилишдаги кейинги маърузачи – профессор Бобомурод Аҳмедов  ўзбек астрофизик олимларининг жаҳон олимлари билан ҳамкорлиги натижалари, ЎзМУ физика факультети талабаларининг фан доирасида қўлга киритган ютуқлари ҳақида гапириб ўтди.

Top