18:12 / 11.11.2016
5795

Хатамжон Кетмонов Жиззахда 32 та қўшма корхона фаолият юритаётганини таъкидлаб ўтди

Фото: ЎзХДП матбуот хизмати

2016 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президентлигига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмонов Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ХДП МК Матбуот хизмати маълум қилмоқда

Жиззах шаҳридаги Жиззах махсус индустриал зонаси маъмурий биноси конференциялар залида бўлиб ўтган учрашув, бир вақтнинг ўзида вилоятнинг барча туманларидаги сайловчилар билан видео-конференция шаклида ташкил этилди. 

Тадбирни Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати, Жиззах тумани транспорт ва саноат касб-ҳунар коллежини директори Қурақбой Эргашев очди ва олиб борди.

Даставвал, номзоднинг ишончли вакили Носир Сиддиқов сўз олиб, Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан йиғилганларни таништирди.

Шундан сўнг,  сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, партия фракцияси раҳбари Хатамжон Абдураҳманович Кетмоновга берилди.

Хатамжон Кетмонов дастлаб, Жиззах вилоятида мустақиллик йилларидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ҳақида тўхталиб, 2013 йилда ташкил этилган  «Жиззах» махсус индустриал зонаси нафақат  вилоят балки, республика иқтисоди учун, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича замонавий, юксак технологияли ва инновацион ишлаб чиқаришларни барпо этиш мақсадидаги энг муҳим лойиҳа эканлигини ҳақида сўзлади. 

Бугунги кунда вилоятда жами 32 та қўшма корхона фаолият юритиб, уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг аксарияти маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда енгил саноат  маҳсулотлари эканлиги ҳақида тўхталди.

Бир томонда  Чимқортоғ ва Молгузар, бир томондан  Нурота тизма тоғлари, яна бир томондан эса  Айдаркўлга туташган бой табиий шарт-шароитга эга бу ҳудуд гўзал ва мафтункор табиати билан энг аввало, экотуризмнинг ривожланишига хизмат қилишини эътироф этди. Бундай мафтункор табиат, мусаффо ҳаводан нафас олиб яшаётган халқнинг сиёсий онги ва тафаккури,  мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юрт келажагига нисбатан дахлдорлик туйғуси ниҳоятда юксак бўлиши табиий эканлигини ва бу ўз навбатида очиқ фуқаролик жамиятининг  асосий шарти бўлиб,  фуқароларнинг ҳоҳиш иродасини ифода этувчи  сайловлар жараёнида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари, сайловчилар, номзод Сайловолди дастурида жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий ҳаётида тўлақонли иштирок этишларини таъминлаш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш учун ижтимоий объектларда ногиронларга махсус кириш йўлаги – пандуслар ҳамда уларга мослаштирилган пиёдалар йўлакчалари бўлишини таъминлаш, мавжуд барча бино ва иншоотларни ногиронлар кира олишлари нуқтаи назаридан хатловдан ўтказиш ҳамда йўлакчаларни ногиронларга мослаш бўйича махсус давлат дастурини қабул қилиш бўйича берилган таклифларни ижобий баҳоладилар.

Top