09:59 / 16.11.2016
5426

АҚШ Халқаро жиноят судининг Афғонистон бўйича ҳисоботи юзасидан норозилик билдирди

Архив сурат

АҚШ Халқаро жиноят судининг Афғонистон бўйича ҳисоботи юзасидан норозилик билдирди. Ҳисоботга кўра, америкалик ҳарбийлар ва Марказий разведка бошқармаси ходимлари Афғонистонда ҳарбий жиноятлар амалга оширганини тахмин қилишга барча асослар бор. АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Элизабет Трюдо журналистлар учун матбуот-анжуманида Вашингтоннинг фикрича бундай терговга умуман ҳожат йўқлигини маълум қилган. У шунингдек АҚШ Рим мақоми деб аталувчи Халқаро жиноят судининг (ХЖС) таъсис этилиши ҳақидаги халқаро шартномада иштирок этмаганини эслатиб ўтди. 

"Биз ХЖС томонидан АҚШ ходимларининг Афғонистондаги вазият бўйича хатти-ҳаракатлари юзасидан текширув ёки тергов ўтказилиши мақсадга мувофиқ ёки ўринли бўлади, деб ҳисобламаймиз. Таъкидлаганимиздек, АҚШ Рим мақомида иштирок этмайди ва ХЖСнинг суд қилиш ҳуқуқини тан олмайди", деб айтди Трюдо. 

Суднинг бош прокурори Фату Бенсуданинг ҳисоботида айтилишича, "текширув суднинг суд қилиш ҳуқуқига тааллуқли камида қуйидаги жиноятларга йўл қўйилганига етарлича асос борлигини кўрсатди. Гап асосан 2003-2004 йилларда, баъзи ҳолатларда 2014 йилгача давом этган, АҚШ қуролли кучлари томонидан Афғонистонда ва МРБнинг махфий турмаларида қийноқлар қўринишида амалга оширилган ҳарбий жиноятлар  ва одамлар билан ёмон муомалада бўлиш каби жиноятлар ҳақида кетмоқда.

ХЖС прокуратураси америкалик ҳарбийлар томонидан Афғонистонда маҳбуслар ҳуқуқларининг бузилишига бир неча маротаба эътибор қаратган. Суднинг ўтган йилдаги ҳисоботида "жиноятлар алоҳида шафқатсизлик ва қийноқлар қурбонлари шаънини камситиш мақсадида амалга оширилгани" айтилган.  
 

Top